Иқтисодиёт | 11:19 / 02.02.2026
3158
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Покистон портлари орқали юзлаб портлар билан тўғридан тўғри денгиз алоқасини йўлга қўйди

«Дунё» АА хабар беришича, Покистоннинг қатор электрон нашрлари Ўзбекистон ташқи савдосида Покистон портларининг стратегик аҳамияти ҳақида мақолалар эълон қилди.

Фото: Daily Ausaf

Исломободдаги манбаларга кўра, Покистоннинг Daily Ausaf, Sub News English, The Diplomatic Insight, News Network Pakistan ва Daily Sub News каби электрон нашрларида «Ўзбекистон ташқи савдосида Покистон портларининг стратегик аҳамияти» сарлавҳали материаллар чоп этилди.

Материалларда жаҳон геосиёсатидаги беқарорлик ва транспорт-логистика занжирларидаги узилишлар давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларига таъсир кўрсатаётгани, шу боис ташқи савдо йўлакларини барқарор ва турли хавфларга чидамли тарзда шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон географик жиҳатдан денгизга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтишни талаб қиладиган мамлакатлардан ҳисобланади. Шу билан бирга, Евросиё марказида жойлашгани сабаб транспорт транзити ва юк оқимларини йўналтиришда стратегик имкониятларга эга экани қайд этилган.

Шу контекстда ««Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темирйўл лойиҳаси» ҳамда унга боғлиқ ««Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» мултимодал йўлаги» каби ташаббуслар минтақавий савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Манбаларга кўра, 2025 йил якунларида мазкур коридор орқали ташилган юклар ҳажми 400 минг тоннадан ошган ва ўтган йилга нисбатан 11 фоизга кўпайган. Шунингдек, импорт юклари ҳажми 22 фоизга ўсиб, 243 минг тоннага етгани келтирилган.

Покистон ОАВ маълумотларида Ўзбекистон Карачи порти, Қосим порти ва Гвадар порти орқали жаҳоннинг юзлаб портлари билан тўғридан тўғри денгиз алоқаларини йўлга қўйгани таъкидланиб, бу экспорт юкларини Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Осиё–Тинч океани бозорларига тезкор ва рақобатбардош шароитда етказиш имконини ошириши айтилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид