Ўзбекистон | 17:00 / 03.03.2026
2538
5 дақиқада ўқилади
Реклама

PDAC-2026 доирасида “Uzbekistan Day”: Ўзбекистоннинг Мine-Мetal-Market модели халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди

Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказилаётган дунёнинг энг нуфузли тоғ-кон ва геология платформаларидан бири – Prospectors & Developers Association of Canada (PDAC) анжумани доирасида “Uzbekistan Day” тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг критик минераллар салоҳияти ва саноат модели халқаро аудиторияга тақдим қилинди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошчилигида ўтказилди. Унда мамлакатнинг геологик имкониятлари, инвестицион салоҳияти ҳамда Mine-Metal-Market тўлиқ қиймат занжирига асосланган саноат модели глобал ҳамжамият вакилларига намойиш этилди.

Юқори даражадаги иштирок

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган, мамлакатнинг критик минераллар салоҳиятини намойиш этувчи илк ва ягона саноат оператори – Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) раҳбарияти, маслаҳатчилари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

“Uzbekistan Day” глобал тоғ-кон ва металлургия саноати вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Тадбирда 200 га яқин компания ва институт вакиллари қатнашди. Улар орасида AtkinsRéalis, Boston Consulting Group, AGT Systems NA, Xcalibur, Speyside, Global Mining Capital Corp, Freedom Capital Markets каби йирик компаниялар раҳбарияти, шунингдек United States Geological Survey (USGS) ҳамда Европа Комиссиясининг критик хомашё сиёсати йўналиши бўйича вакиллари бор.

“Ўзбекистоннинг салоҳияти катта таассурот қолдирди”

Қидирув геофизиклари жамияти бошқарув директори Скотт Сазерленд тадбир юзасидан шундай деди:

— PDAC доирасида ташкил этилган Ўзбекистон кунига бағишланган сессияда иштирок этдим. Ўзбекистон тақдим этаётган геологик ва кончилик салоҳияти менда катта таассурот қолдирди. Жорий йил якунига қадар Қидирув геофизиклари жамияти томонидан Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кончилик соҳасига бағишланган халқаро конференция ўтказиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорликдан мамнунмиз ва келгусида мамлакатда янада фаол иш олиб бориш ниятидамиз.

Ислоҳотлар ва инвестиция имкониятлари тақдим этилди

Тадбир давомида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги конларни ўзлаштириш, нодир ва технологик металларни чуқур қайта ишлаш бўйича истиқболли лойиҳалар ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, “Uzbekistan Day” доирасида Ўзбекистонга инвестиция киритиш имкониятларига қизиқиш билдирган компаниялар сони юқори бўлгани қайд этилди.

Халқаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди

Тадбир доирасида Ўзбекистон технологик металлар комбинати ва халқаро савдо-инвестиция ва саноат ҳамкорлик платформаси сифатида фаолият юритувчи компания – ОМАD International Inc. билан меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат инвестицияларни жалб этиш, Канада тоғ-кон компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшилган қиймат яратишга ва барқарор саноат ривожига қаратилган интеграциялашган қиймат занжири концепцияси асосида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Шунингдек, ТМК тасарруфидаги “Келажак металлари технопарки” ва тоғ-кон ва геология соҳасида рақамли трансформация, инновацион инфратузилма ва технопарклар ривожини таъминловчи компания – Erdenes IT LLC билан ҳам технопаркларни ташкил этиш ва ривожлантириш, қўшма илмий-тадқиқот ташаббусларини амалга ошириш, тоғ-кон, геология ҳамда халқаро маркетинг йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган меморандум имзоланди. Мазкур ҳамкорлик билим алмашинувини кучайтириш, инновацияларни рағбатлантириш ҳамда чуқур қайта ишлаш ва тижоратлаштириш учун мустаҳкам экотизим яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Стратегик ёндашув

Имзоланган келишувлар Ўзбекистоннинг геологик салоҳиятини юқори қўшилган қийматга эга, глобал бозорда рақобатбардош саноат маҳсулотларига айлантиришга қаратилган Мine–Меtal–Мarket моделини халқаро миқёсда илгари суриш ҳамда мамлакатни критик минераллар глобал қиймат занжирининг муҳим бўғинига айлантириш йўлидаги изчил стратегик ёндашувни акс эттиради.

Тадбир давом этмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш