ИШИД жангарилари учун бундай шафқатсизликлар оддий ҳол. Ҳатто ёш болаларни махсус марказларда ваҳшийликка ўргатишади. 

Бир қочоқнинг айтишича: “Суриянинг Раққа шаҳрида 6 та махсус лагер бор, улар орасида “Зарқовий арслон болалари лагери” ҳам мавжуд. Ҳар ҳафтада ушбу лагердан 25-30 бола тўлиқ ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, жаллод бўлиб етишади. ИШИДчилар машғулот пайтида асирлардан тажриба мақсадида фойдаланишади. Болалар асирларга қарата ўқ узади ёки бўйнига пичоқ тортиб қўй каби бўғизлайди”. (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 62-бет). 

Ахир Оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 йиллик пайғамбарлик даврларида бирор марта бўлса ҳам ёш болаларни шундай разил ишларни қилишга буюрганларми ёки кўрсатма берганларми ёки сийратларида бирор марта шундай ҳолат кузатилганми? Йўқ, албатта. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бекорга ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Эй, Раббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”. (Насоий ривояти). 

Шунингдек, У зот алайҳиссалом ҳайвонларни сўйишда ҳам раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: “Сен нима уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?”, деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти). 

Бу ҳадиси шарифларда кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ҳайвонларга нисбатан зулм қилишдан қайтармоқдалар. Ана энди айтингчи, бу ИШИДчилар махлуқотларнинг гултожиси инсониятга, бўлиб ҳам гултожнинг гавҳари бўлмиш ёшлар, гўдакларга зулм қилмоқдалар. Халифалик яъни, “ўринбосарлик”ни, Қуръон карим ва ҳадиси шарифга амал қилишни даъво қиладиган бу ғаламислар гўдакларни шундай қийноқлар исканжасига солиш мумкин эканига бирор бир далил келтира оладиларми? 
Шуни унутмаслигимиз лозимки, бу дунёда қилинган заррача зулм эртага Қиёматда зулматларга айланади. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига назар солсангиз, фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанлигини кўришингиз мумкин. 
Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Олдиларида турган саҳобий Абдурроҳман ибн Авф: “Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул зот: “Эй, Ибн Авф, бу раҳм-шавқатдандир”, дедилар. Бошқа ривоятда эса: “Кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти. Баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилган). 

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзандлари Иброҳим вафот этаётган ҳолатида кўтариб олиб келинганда, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, нимага йиғлаяпсиз?”, деди. Шунда: “Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаган раҳматидир. Албатта, Аллоҳ таоло фақат раҳим-шавқатли бандаларига раҳим қилади”, дедилар”. (Муттафақун алайҳи). 

Ана энди айтингчи, ёшларни яхши кўрадиган, уларга меҳр-шафқатли бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ИШИДчиларнинг қилмишлари, зулмлари сабаб неча минглаб ёш норасидаларни бундай аҳволга тушишларига йўл қўярмидилар. ИШИДчилар минглаб оналарни йиғлатмоқдалар, неча минглаб гўдакларни йиғлатмоқдалар. 
Юқоридаги ҳадисга биноан шуни айта оламизки, бу ғаламисларнинг қалбида заррача бўлса ҳам раҳм-шафқат йўқ экан. Улар “Ислом давлатини қуриш” шиори остида ўзлари ёш гўдакларни етимларга айлантириб, кейин яна ўз қарамоғига оляптилар. Улар нима мақсадда ўз қарамоғига оляптилар, деб ўйлайсиз? Таълим-тарбия бериш мақсадидами? Ёки гўзал ахлоқ билан тарбиялашми? 
Йўқ, қаёқда, ундай қилсинлар! Улар Қуръон ва ҳадиси шарифнинг кўрсатмаларига амал қиладиган мусулмонмидиларки, ёш гўдакларга меҳр-шафқат қилсалар? Улар Расулуллоҳнинг ўринбосарлари, меросхўрларимидиларки, етимларни бошини силаб, ғамхўрлик қилсалар? Йўқ, албатта. Улар кўринмас учинчи қўлнинг малаклари, таъбир жоиз бўлса, Иблиснинг ёрдамчиларидирлар. Бу гўдакларга ИШИДчиларнинг ўзлари ҳам ҳатто ёшлигида ўрганмаган, кўрмаган жирканч ишларни қилишга ўргатмоқдалар, аниқроғи мажбурламоқдалар. Жумладан: инсонларни ўлдириш, қийноққа тортиш, махсус жойларни портлатиш ва ҳоказо... 

Буни қандай тушуниш мумкин, одам деган шунчалар ҳам ёвуз бўладими?! Биз уларни иблислар деганимиз бежиз эмас. Зеро, қилаётган ишларидан кўриниб турибдики, улар ҳақиқатан ҳам иблислар, қонхўр, шавқатсиз, одам қиёфасидаги шайтонлардир! (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 77-бет). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларга нисбатан гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар. (Имом Бухорий ривояти). 
Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлардаги энг яхши уй – унда етимга хайр-саховат қилинадигани”, деб айтганлар. (Ибн Можа ривояти). 
Бу ҳадиси шарифлардаги етимлардан мақсад ота-онаси тақдир тақозоси билан вафот этган ёш, вояга етмаган гўдаклар назарда тутилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёш болаларнинг бошини силаб, ғамхўрлик қилардилар. Уларга таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ўргатишга тарғиб қилардилар. 

Ислом одобларида болаларнинг бошини тепадан пастга қараб силашга буюрилади, чунки аксинча силанганда озгина бўлса-да, болага озор етказилади. Динимиз бошқаларга мана шу даражада кам озор беришдан ҳам қайтаради. (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 51-бет).

(Мақоланинг 1-қисмини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин)

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 
Ғиёсиддин БАРАТОВ тайёрлади. 

Манба: Muslim.uz