Нидерландиялик мутахассиc Луи ван Гаал "Манчестер Юнайтед" жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, жамоа раҳбарияти вакили Эд Вудворд жамоанинг машғулотлари ўтказиладиган "Каррингтон" стадионига келиб, ван Гаал билан гаплашган ва унга шу ҳақида маълум қилган.

Унинг ўрнини португалиялик Жозе Моуриньо эгаллаши кутилмоқда.

Бундан олдинги хабарларда Моуриньонинг 24 май куни манчестерликлар жамоаси янги бош мураббийи сифатида тайинланиши ҳақида хабар берилганди. 

Моуриньо билан 5 йиллик битим тузилгани ва мураббий бу битимга кўра жами 75 миллион фунт стерлин миқдорида маош олиши айтилган. 

Шунингдек, унга ёзги трансферлар вақтида таркибни кучайтириш учун 200 миллион евро берилади.

64 ёшли ван Гаал "МЮ"ни 2014 йилнинг майидан буён бошқариб келмоқда. У билан шартнома муддати 2017 йилнинг ёзига қадар тузилганди.

Икки кун олдин у жамоа билан Англия Кубоги финалида зафар қучганди. Лекин у ўша куни мухбирлардан бирининг ўз келажаги хусусида берган саволига "барчаси тугагани" ҳақида айтганди.

Унинг мураббийлигининг биринчи йилида "Манчестер Юнайтед" мавсумни тўртинчи ўринда якунлади ва ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлди. Лекин жамоа ЕЧЛни гуруҳ босқичида якунлади. "Вольфсбург", ЦСКА ва ПСВ  жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган "МЮ" учинчи ўринни эгаллади ва Европа Лигасида курашни давом эттирди. Бу турнирдаги иштирок "Мидтьюлланд" тўсиғидан ўтиш ва кейинги босқичда "Ливерпуль"дан ортда қолиш билан якунланди.

АПЛда эса жамоа бешинчи ўринни эгаллади ва кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок эта олмайдиган бўлди.