28 май куни 11 маротаба Чемпионлар Лигасида ғалаба қучган Мадриднинг "Реал" клуби президенти Флорентино Перес ушбу ғалабани клубнинг Ироқда фожиали ҳалок бўлган мухлисларига бағишлади. Переснинг бу ҳақда айтган сўзларини "Марка" нашри келтириб ўтди.

"Реал" "Атлетико"га қарши финал учрашувида пенальтилар серияси бўйича 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, жорий мавсумдаги Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлди.

Май ойида ИШИД террорчилик гуруҳи "Реал"нинг Ироқдаги фан-клуби бош қароргоҳига ҳужум қилганди. Бу ҳужум оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳат олганди.

"Биз бу ғалабани Ироқда мудҳиш ҳужум оқибатида фожиали ҳалок бўлган "Реал" мухлисларига бағишлаймиз", деб айтди Перес.

Перес рақиб жамоа "Атлетико" футболчиларига таскин бериб, улар ҳали Чемпионлар Лигасини албатта ютишларини айтди.

"Атлетико" бизнинг қўшнимиз ва дўстларимиз, жуда юқори даражадаги ўйин кўрсатди. Мен уларнинг финалда ғалабага эришишдаги барча саъй-ҳаракатлари учун ачиниш ҳиссини сезмоқдаман, бироқ аминманки, "Атлетико" келажакда албатта Чемпионлар Лигасини ютади", деб қўшимча қилди Перес.

Жангарилар Ироқда "Реал" фан-клубига ҳужум қилиб, 16 кишини ўлдирди