Туркия жануби-шарқидаги Мардин вилоятининг Мидьят шаҳрида жойлашган полиция маҳкамаси олдида амалга оширилган теракт оқибатида камида 2 полициячи ҳалок бўлган ва 20дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу ҳақда DHA агентлиги хабар тарқатди.

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 11:15да рўй берган. Портлаш кучи туфайли полиция маҳкамаси биноси жиддий зарарланган. Портлашдан кейиноқ полициячилар ва теракт ижрочилари ўртасида отишма бошланган. Воқеа жойига Мардин вилояти марказидан қўшимча кучлар юборилган.

Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, Батман шаҳри томондан келган автомобиль Мидьятдаги хавфсизлик кучлари бошқармаси ҳудудини кесиб ўтмоқчи бўлган. Қўриқчилар машинани ўққа тута бошлашгач, портлаш юз берган. Машинага ярим тонна портловчи қурилма ортилган бўлган.

Бундан олдинроқ, Мардин вилоятидаги Нусайбин шаҳрида Курдистон ишчилар партияси жангариларига қарши 2 ойдан ортиқ давом этган аксилтеррор амалиётлар якунлангани ҳақида хабар берилганди.