26 июнь куни соат тахминан 11дан 20 дақиқалар ўтганида Эски шаҳардаги “Тошкент” савдо маркази (собиқ ГУМ) бекатида 28-йўналишдаги Mercedes русумли автобусда ёнғин чиқди. Бу ҳақда автобус йўловчиларидан бири kun.uz сайтига маълум қилган. Ҳодисага оид суратлар келтирилмаган.

Гувоҳнинг маълум қилишича, ҳайдовчи ва кондуктор томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида аланганинг олди олинди. Ҳайдовчи бир вақтнинг ўзида учта эшикни очиб юбориб, ёнғиндан огоҳлантиргани боис, йўловчиларнинг ҳаммаси ўз вақтида автобусни тарк этишга улгурди. Улар ҳайдовчи ва кондукторга ўзларининг миннатдорчиликларини билдирган ҳолда, йўл кирани қайтариб олишни хаёлларига ҳам келтирмай ўз манзилларига йўл олишган.

Гувоҳ бу ҳодиса вақтида ҳайдовчининг профессионалларча ҳаракат қилганини эътироф этган.

21 июнь куни ҳам Тошкент шаҳрида Mercedes русумли автобус ёниб кетганди.

Маълумот учун, 2013 йил мартидан бери Тошкентда 17та автобус ёниб кетган.