Туркия томони Исроил билан алоқаларни тиклаш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда Туркия ТИВга асосланган ҳолда CNNTurk хабар тарқатган.

Дипломатик манба маълумотига кўра, келишувга 28 июнь куни Туркия Ташқи ишлар вазирлигида имзо чекилган. Маросимда Туркия томонидан ТИВ раҳбари ўринбосари Фаридун Синирўғли, Исроил томонидан вакил сифатида дипломат Доре Голдом қатнашган.

Икки томонлама англашув меморандумини имзолаш маросими алоҳида ўтказилади.

Бундан олдинроқ Туркия ва Исроил муносабатларни тартибга солиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди.

Ушбу келишув 2010 йили Исроил махсус бўлинмаси томонидан Туркияга қарашли «Мави Мармара» паромининг қўлга олиниши чоғида ҳалок бўлганлар учун Исроил томонидан 20 миллион доллар товон тўланишини кўзда тутади. Шунингдек, Туркия бу келишув асосида Ғазода электр станцияси ва сувни тозалаш иншоотлари қуради.