Филиппин архипелагининг аҳоли кўп жойлашган энг йирик  Лусон оролида жуда кўп антиқа сут эмизувчилар яшайди. Америка ва Филиппин олимларидан иборат гуруҳ бу борада изланиш олиб бориб, шундай хулосага келди. Уларнинг тадқиқот натижалари Frontiers of Biogeography журналида чоп этилди. 

Тадқиқотчилар 15 йил давомида Лусон ороли фаунасини ўрганиб чиқишди ва бу ердаги сут эмизувчиларнинг 93 фоизи сайёрамизнинг бошқа ҳеч бир нуқтасида учрамайди, деган хулосага келишди. 

“Биз Лусоннинг антиқа маҳаллий фаунасига доир тадқиқотимизни 2000 йилда бошлаганмиз. Бироқ натижалар кутилганидан-да аъло бўлди: биз бу ерда кўплаб янги сут эмизувчиларни кашф қилдик”, - деди лойиҳа раҳбари Чикагодаги Филда номидаги Табиий тарих музейидан Лоренс Хини.

Олимлар гуруҳи Лусонда сут эмизувчиларнинг янги 28 турини кашф қилди. Бугунга келиб, 56 хил маҳаллий жонивор турлари маълум, улардан 52 таси фақатгина шу оролда яшайди. Сут эмизувчиларнинг янги турлари ҳануз ўрганилмоқда.  

Майдони 100 минг квадрат километрни ташкил қилувчи оролда жониворларнинг яшаши учун қулай шароит мавжуд. Бундан ташқари Лусон ўз тарихи давомида қуруқликнинг бошқа ҳудудлари билан боғлиқ бўлмаган, шу боис маҳаллий фауна ўзига хос ривожланган. Бу омиллар Лусоннинг антиқа биохилма-хиллигига таъсир кўрсатади.