Профессионал теннисчилар уюшмаси – ATP рейтингида 143-ўринни эгаллаб турган италиялик теннисчи Марко Чеккинато келишилган ўйинларда иштирок этгани учун дисквалификация қилинди, деб хабар қилган Tennisbest.com сайти. 

23-ёшли спортчи 18 ойга катта теннисдан четлатилган. Бундан ташқари, Марко 40 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлайди. Хабар қилинишича, Чеккинато 2015 йил октябрь ойида Марокашда бўлиб ўтган “челленжер” турнирида поляк Камил Майхшакка 1:6, 4:6 ҳисобида қасддан мағлуб бўлган. 

Италия теннис федерацияси, спортчи якка ва жуфтлик баҳсларида атайлаб муғомбирлик ила ютқазгани ҳамда дўстининг аккаунтидан кириб, онлайн тарзда пул тикканини аниқлаган. Чеккинатонинг айбини, дўсти Рикардо Акарди билан олиб борган ёзишмалари исботлаган.