«Наполи»нинг асосий ҳужумчиси Гонсало Ҳигуаиннинг чемпионатдаги асосий рақиб жамоа бўлган «Ювентус»га ўтиши ҳақидаги хабарлар мухлисларнинг ғазабини келтирди. 23 июль оқшомида Неаполь шаҳри кўчаларида мухлислар томонидан норозилик намойиши ўтказилди.

Football Italia хабарига кўра, мухлислар Неаполь шаҳри марказида тўпланишган ва Ҳигуаиннинг суратини йиртиб ва унинг номи туширилган футболкани ёқиб юборган. Шундай футболкалардан бири унитазга ташланган ва бу ҳолат тасвирлари ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқатилган.

Шунингдек, параллел равишда кечаётган «Наполи»-«Тренто» ўртоқлик учрашуви вақтда мухлислар аргентиналик ҳужумчининг шаънига ҳақоратли сўзлар битилган баннерларни кўтарган.

«Биз ғазабдамиз. У бундай қилмаслиги керак эди. Игуаин биз учун шунчаки жамоа аъзосигина эмас, жамоамиз рамзи эди. У эса бир лаҳзада бизни сотди. У ўзининг нимадан яралганини кўрсатиб қўйди.

Марадона ҳеч қачон бизга нисбатан бундай иш қилмаган бўлар эди», - дейди мухлислардан бири.

Ҳигуаин «Ювентус» 94,7 млн евро эвазига трансфер қилинмоқда. У Мадридда туринликлар жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтган. Унинг янги жамоасидаги маоши йилига 7,5 миллион еврони ташкил қилади.

Ўтган мавсумда Ҳигуаин неаполликлар жамоасининг 34 учрашувида майдонга тушиб, 36 гол урган ва Италия чемпионати тўпурари бўлганди.

Манба: Tribuna.uz