22 карра Олимпия чемпиони бўлмиш америкалик сузувчи Майкл Фелпс Рио-2016 доирасида 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича олтин медални қўлга кирита олмади.

Бундан аввалги 3 олимпиадада бу масофада ғолибликни ҳеч кимга бермаган Фелпс 12 август куни сингапурли Жозеф Исаак Скулингга ютқазди (50,39). Иккинчи ўринни 3 спортчи бўлиб олди: Майкл Фелпс, венгр Ласло Чех ва жанубий африкалик Чад Ле Клоснинг кўрсаткичлари бир хил бўлди (51,14).

Скулингнинг ғалабасидан кейин нашрлар эътиборни бошқа жиҳатга қаратди: айни вақтда бу йигитча ўз кумири Майкл Фелпс 2008 йилда тушган сурат тарқалмоқда. Улар ўшанда Пекиндаги Олимпия ўйинлари арафсида тасодифан учрашиб қолишган — америкаликлар жамоаси ўшанда турнирга Сингапурда тайёргарлик кўрган. Фелпс шаҳар ташқарисига чиққанида уни 13 ёшли Скулинг учратиб қолган.

Ҳозирда Фелпс 31 ёшда, Скулинг эса 21 ёш. 

Сингапур Миллий Олимпия Қўмитаси Жозеф Скулингнинг бу муваффақиятини муносиб рағбатлантиришга қарор қилди ва унга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ажратди.