15 август оқшомида 91 килогармм вазн тоифасидаги финалда россиялик Евгений Тищенко Қозоғистон вакили Василий Левитга қарши жанг якунида ҳакамлар қарорига кўра ғолиб бўлиб, Олимпиада чемпионига айланди. 

Аренадаги томошабинларнинг аксарининг фикрига кўра, аслида қозоғистонлик боксчи устун бўлган. Улар ўз фикрларини норозилик ҳайқириқлари ва ҳуштакбозликлар билан ифодалашган.

Тищенко ўз ғалабасини тан олмаган мухлисларнинг ҳаракатидан қаттиқ қайғуга ботганини маълум қилган.

"Афсус, жамоатчилик менинг ғалабамга шундай муносабатда бўлди, ҳуштакбозликка дуч келганимдан қаттиқ хафаман. Магарки, ғалабани менга ёзишган экан, шунга муносиб жанг қилганман. Биз ҳакамларнинг исталган қарорига рози бўламиз. Мен ҳам, рақибим ҳам ҳакамларнинг қандай қарор қабул қилишини билмасдик. Мен ва секундантларим мухлисларнинг ҳаракатини тушуна олмадик. Лекин мен рақибимни ҳам, мухлисларни ҳам ҳурмат қиламан.

Тактика биринчи рақам остида жанг қилишга қаратилганди, лекин бунинг иложи бўлмади. Бир неча жиддий зарбаларни ўтказиб юбордим, лекин зарбаларга жавоб қайтаришга ҳаракат қилдим.

Албатта, менда ҳакамларга эътироз йўқ. Мен ҳозир ўз ғалабамдан сармастман. Лекин Василий Левитга адолатсизлик қилинган бўлса, бунинг учун афсусдаман", деган у.

Аренада олинган суратларда кўриш мумкинки, кумуш медаль совриндори бўлган Василий Левит тақдирлаш маросими вақтида ҳуштакбозлик қилган мухлисларни тинчлантиришга уринган ва улардан бундай ҳаракатларни бас қилишни сўраган.

Россиялик боксчилар мураббийи Александр Лебзяк ўз шогирди ғалабага ҳақли бўлгани ҳақида айтган.

"Вазифа рақиб ўз режасини амалга оширишига имкон бермаслик эди. Менимча, биз 2 раундни ютдик, ўтказиб юборилган зарбаларга келадиган бўлсак, ҳимояланган вақтда шундай бўлиши табиий. Энг муҳими жанг охирига қадар давом этди.

Трибунадагиларнинг ҳаракатига тўхталадиган бўлсак, асосан қозоғистонлик мухлислар норозиликларини билдиришди. Муҳими мадҳия вақтида ҳуштакбозлик бўлмади", деган мураббий.

Бунгача ҳам Россия вакиллари турнир давомида адолатсизликка дуч келишаётгани ҳақида бир неча марта маълум қилишганди.

Бундай ҳолат илк бор 8 август куни 100 м масофага брасс усулида сузиш бўйича мусобақада Россия вакили Юлия Ефимова кумуш медаль олганида кузатилганди. Ўшанда аввалига мухлислар уни ҳуштакбозлик билан кутиб олишди. Мусобақа якунланганида эса маррага биринчи ва учинчи ўринларда келган америкалик сузувчилар Лилли Кинг ва Кэти Мэйли Ефимовани табриклашни истамади.

Рио-2016. Рустам Тўлаганов ўзининг бронза медалини қабул қилиб олди