Сурия курдлари Фрот дарёсининг шарқий соҳилларидан чекинмаса, Туркия ҳарбийларининг нишонига айланади. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли маълум қилган.

У Анқарада бўлиб ўтган матбуот анжумани вақтида Туркиянинг Сурия шимолидаги Жараблус ҳудудида ўтказаётган ҳарбий амалиётдан асосий мақсади ИШИД жангариларни йўқ қилиш эканини таъкидлаган.

"Фрот қалқони" амалиётидан мақсад Жараблус ва Афринни ИШИД жангариларидан тозалашдир. У ер биз томонимиздан қўллаб-қувватланаётган арабларга тегишли. Уларга ўз ватанларини қайтариб бериш керак. Шунинг учун, курдларни бу амалиёт хавотирга солмоқда. Сурия халқ армияси Фротнинг шарқий қирғоғидан кетиши керак. Улар АҚШга шундай ваъда қилишганди. Агар улар сўзларида туришмаса, биз уларни нишонга оламиз", дея вазирнинг сўзларини келтиради ТАСС.

Бундан олдинроқ, курдлар Туркия артиллерияси ва Туркия ҲҲК самолётлари Ҳалаб шимолидаги Жараблус шаҳри атрофидаги қишлоқларга зарбалар йўллагани ҳақида маълум қилганди. Улар бу ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлишгани ҳақида билдиришган. Ўз навбатида расмий Анқара тинч аҳоли вакилларига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарларни инкор этган.