Супероғир вазн тоифасида IBO/WBA/WBO версиялари бўйича жаҳон чемпиони бўлмиш британиялик боксчи Тайсон Фьюри ва украиналик собиқ жаҳон чемпиони Владимир Кличко реванш жанг ўтказиладиган кун хусусида бир тўхтамга келишди. Жанг 29 октябрь куни ўтказилиши расман маълум қилинди.

«Кличконинг жамоаси Фьюри билан қолдирилган жангнинг янги муддати аниқ бўлганидан мамнун. Бу ажойиб жанг «Манчестер-арена»да ташкил қилинади. Бу кўплаб катта жангларга гувоҳ бўлган муносиб жой. Владимир 29 октябрь куни аъло формада бўлади ва у чемпионлик камарини ўзига қайтаришга қодир», дея Кличконинг менежери Бернд Бёнтенинг сўзларини келтирган BoxingScene.

Кличко ва Фьюри ўртасидаги реванш жанги шу йилнинг 9 июль куни Манчестер шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди, аммо британиялик боксчи жароҳат олгани учун бошқа муддатга қолдирилди.

2015 йилнинг ноябрь ойида Германияда ўтказилган 12 раундлик жангда очколар бўйича ҳакамларнинг якдил қарори билан Тайсон Фьюри Владимир Кличко устдан зафар қучган ҳамда WBA, WBO ва IBF титулларини қўлга киритганди. Кейинроқ британиялик ҳимоя жангини ўтказишдан бош тортганлиги учун IBF камаридан маҳрум қилинганди.

28 ёшли Тайсон Фьюри профессионал рингда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган. Унинг ҳисобида 25 та ғалаба (шулардан 18 таси нокаут билан) мавжуд. 40 ёшли Кличко профессионал фаолияти давомида 68 та жанг ўтказиб, 64 тасида (шулардан 53 таси нокаут билан) зафар қучган ва 4 та жангда мағлубиятга учраган.