Бутун дунё бўйлаб деярли 50 миллион бола турли зиддиятлар ва бошқа талофатлар сабаб ўз уйларини тарк этиб, кўчманчи, қочқин ва муҳожирларга айланган. БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ҳисоботида ана шундай маълумотлар берилди. 

Унга кўра, “28 миллион бола зўравонлик ва зиддиятлардан қочиб, ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган”. 10 миллион қочқин, бошқа мамлакатлардан бошпана кутиб яшаётган 1 миллион киши, шунингдек ички кўчманчи ҳисобланувчи 17 миллион бола шулар жумласидандир. Бунга қўшимча равишда 20 миллион бола муҳожир сифатида ота-онаси ёки бир ўзи мамлакатдан кетишига тўғри келган. 

Ҳисоботга кўра, борган сари чегарадан катталарсиз ўтаётган вояга етмаган болалар сони кўпайиб бормоқда. “2015 йилда 100 мингдан ортиқ бола вориссиз 78 мамлакатдан бошпана сўраб мурожаат қилган. Бу 2014 йилдагига қараганда уч баробар кўп”, - дея таъкидлашди ЮНИСЕФда. Фонд экспертлари катталарсиз чегарадан ўтувчи болалар эксплуатация ва зўравонликка кўпроқ дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантиришмоқда. 

ЮНИСЕФ яхши ҳаёт илинжида ўз уйини тарк этаётган болалар учун жиддий ташвишда эканлигини билдирди. “Зўравонлик ва зиддиятлар натижасида қалби жароҳатланган болалар қочиш давомида янги таҳдидларга йўлиқишади – улар денгизни кечаётиб,  чўкиб кетиши, чарчоқ ва қурғоқчиликдан ҳалок бўлиши, қулдорлар ёки зўравонларнинг қурбонинга айланиши мумкин. Болалар бошқа давлатга ўтган тақдирда ҳам камситишларга дуч келишади”, - дейилади маърузада. 

БМТнинг Болалар фонди ҳукуматларни ҳарбий тўқнашувлар, табиий офатлар ва бошқа инқирозлардан жабр кўрганлар учун қонуний ва хавфсиз бошпана бериш усулларини ишлаб чиқишга чақирди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори даромадли мамлакатларда ишга жойлашган муҳожирлар солиқлар ва бошқа тўловлар эвазига давлат хазинасига кўпроқ фойда келтиришади, улар мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ва инновацияларга ўз ҳиссаларини қўшишади.