Америкалик актёр Леонардо ДиКаприо Малибудаги данғиллама ҳовлисини сотганидан бир неча кун ўтиб, яна бир уйини сотувга қўйди. Бу ҳақда TMZ хабар берган.

Бу сафар ДиКаприо Лос-Анжелесда жойлашган Студио-Сити туманидаги уйини сотишга қарор қилган.

2014 йилда сотиб олган бу 5та ётоқхона ва 3та ювиниш хонаси бор уйи учун актёр 2,395 млн доллар сўрамоқда. Агар уй шу нархга сотилса,  ДиКаприо 2 йил олдин тўлаган пулидан 345 минг доллар кўпроққа сотган бўлади.

Калифорнияча услубдаги бу уй 316,5 кв. м майдонни эгаллайди ва кўпроқ американча ранчони эслатиб юборади. Шу билан бир вақтда интерьер жиҳозлари дизайни замонавий кошоналарникидан қолишмайди (ҳай-тек услуби).

Бундан олдинроқ ДиКаприо Малибудаги данғиллама уйини 11 млн долларга сотгани маълум бўлганди.