Мўсулга авиазарбалар берилиши бошланишидан бир неча дақиқа олдин шаҳардан ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий қутқариб олиб чиқиб кетилди. Бу ҳақда Ироқ хавфсизлик хизматидаги манбага асосланиб РИА Новости хабар берди.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри, ИШИДнинг бу мамлакатдаги маркази бўлмиш Мўсул 2014 йилдан буён жангарилар назоратида бўлиб, Ироқ ҳарбийлари ва коалиция кучлари бугундан бу шаҳарни эгаллаш учун жанг бошлади.

"ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий авиазарбалар берилиши арафасида қутқарилди. Авиазарбалар Мўсулдаги қўмондонлар йиғилган нуқтага қаратилганди", дейилган хабарда.

Шу билан бирга ҳужум қайси томондан амалга оширилганига аниқлик киритилмаган.

Бундан олдинроқ, РИА Новости Москвадаги манбага асосланган ҳолда АҚШ ва Саудия Арабистони махфий хизматлари Мўсулга ҳужум бошланишидан олдинроқ бу ердаги жангариларни Сурияга олиб ўтиш бўйича келишиб олгани ҳақида хабар тарқатганди. Бу хабарда бир неча минг жангари Сурия шарқига, Пальмира ва Дайр-аз-Зорда қамалда қолган қўшинларга ташланиши назарда тутилгани айтилганди.