Бельгия Қироллиги Мудофаа вазири Стивен Вандепутнинг маълум қилишича, бельгияликлар самолётлари Ҳалаб яқинида тинч аҳоли устига бомба ёғдирмаган. 

«Биз одатда ўз ҳаракатларимизга изоҳ бериб, қаерда ҳаракатланаётганимизни ошкор этмаймиз. Лекин ҳозир айтишим мумкинки, бу вақтда бизнинг учувчилар бу ҳодиса рўй берган ҳудудда бўлмаган», — дея қайд этган вазир.

У буни «россияликларнинг дезинформацияси» деб баҳолаган.

«Биз ҳамиша тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишидан қочишга ҳаракат қилганмиз. Бунга шубҳа бўлмаслиги керак. Мақсадимиз фақат ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдир. Ҳар бир миссия бош штаб кўрсатмасига биноан амалга оширилади. Якуний қарорнигина учувчи қабул қилади», — дея унинг сўзларини келтирган Knack агентлиги.

18 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Суриядаги зиддиятли томонларни яраштириш бўйича Россия маркази баённомасига асосланиб Хаасажек қишлоғида Бельгиянинг F-16 самолётлари берган зарба оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатганди.

Россиялик ҳарбийлар бу ҳужумни на Россия авиацияси на Сурия самолётлари амалга оширгани ҳақида таъкидлаган.

«Бомбардимон оқибатида иккита уй вайрон бўлди, олти киши ҳалок бўлди ва тўрт киши турли даражада тан жароҳати олди. Мазкур ҳудудда Россия ҲКК ёки Сурия ҲҲК самолётлари қайд этилмаган. Ушбу ҳудудда кўрсатилган вақтда Бельгия қироллигининг иккита F-16 самолёти парвоз қилган», — дейилганди Россия мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.