Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 18 октябрь куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида Мудофаа вазирлигига тегишли Ми-171 вертолёти ҳалокатга учрагани муносабати билан Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматида маълум қилинган.

«Қирғизистон Республикаси халқи ва шахсан ўз номимдан қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўрайман», — дейилган Қирғизистон раҳбари телеграммасида.

Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни Фарғона вилоятида Мудофаа вазирлигига тегишли Ми-171 вертолётининг қулаши оқибатида унинг бортида бўлган 9 киши, экипажнинг 3 аъзоси ҳамда 6 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Авиаҳалокат сабабларини текшириш бўйича махсус комиссия тузилган.