Лотин Америкасининг бир неча юз профессионал масхарабозлари бутун дунё бўйлаб масхарабоз кийимида одамларга ҳужум қилиш оммалашганини қоралаб чиқдилар ва бу артистларнинг имижига зиён етказишини айтдилар.

Мехикода ҳар йили бўлиб ўтадиган масхарабозлар йиғилиши иштирокчилари намойиш ўтказишган ва унда "Биз масхарабозлармиз, қотиллармасмиз!", деган шиорларни ҳайқирганлар.

Фото: © AFP

"Биз масхарабозлар яхши одамлигимизни ва ўз ишимизни профессионал даражада қилишимизни кўрсатмоқчимиз", деб айтди Reuters ахборот агентлигига Хой Хой лақабли масхарабоз.

"Лотин Америкаси масхарабозлари биродарлиги" уюшмаси президенти Томас Моралеснинг айтишича, агар одамлар янгиликларда ёмон масхарабозларни кўрсалар, улар мачете ёки тўппонча олиб, масхарабозларни ўлдиришга боришлари мумкин.

Охирги ойларда дунёнинг кўплаб давлатларида қўрқинчли масхарабоз кийимидаги кимсалар одамларни қўрқитаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Бундай хабарлар Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва Бразилиядан келиб тушган.   

Фото: © AFP

Баъзи давлатларда шу сабабли мактаблар қўриқланиши кучайтирилган, дўконларда эса масхарабозлар кийимлари ва ниқоблари сотилиши тўхтатилган.

Шунингдек, "Макдоналдс" тамаддихоналар тармоғи баъзи ресторанлари олдида компаниянинг рамзи бўлган масхарабоз Рональд Макдоналднинг ҳайкалини қўйишни бас қилди.