АҚШ президенти Барак Обаманинг ўгай акаси Малик Обама ўзининг Twitter саҳифасида давлат раҳбарини WikiLeaks асосчисини афв этишга чақирди.

«Ука, илтимос, Жулиан Ассанжни кечир! Унинг қилаётган биргина иши, — бу электрон ёзишмаларни эълон қилаётганидир», — деб ёзган Малик Обама. 

Аввалроқ, Малик Обама АҚШ президентлиги учун бўлғуси сайловларда Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп номзодини маъқуллашини билдирган эди. У, ўшанда, «укамнинг президентлик муддати поёнига етаётган экан, мен ошкора айтишим мумкин: мен Дональд Трампни қўллаб-қувватлайман», — дея ёзганди. 

Жулиан Ассанж 2012 йилдан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида Швецияга экстрадиция қилинмаслиги учун яшириниб келмоқда. У Швецияда зўрлаш ва жинсий тажовузда айбланмоқда. WikiLeaks асосчиси бу айбловларни сиёсий тўқиб чиқарилганини таъкидлаб, уни АҚШга топширишларидан хавотирланмоқда. Америкада эса, унга мамлакат тарихидаги энг йирик махфий ахборотлар эълон қилингани учун ўлим жазоси хавф солмоқда. 2010 йилда WikiLeaks сайтида Вашингтоннинг махфий фаолиятига оид ҳарбий ва дипломатик ҳужжатлар эълон қилинган эди.