Beeline алоқа операторининг Ўзбекистондаги абонентлари сони жорий йилнинг учинчи чораги якунларига кўра 9,6 миллионни ташкил этди. Бу ҳақда «ВымпелКом» гуруҳи ҳисоботида келтирилган деб ёзади "Gazeta.uz" нашри.

Таққослаш учун, 2015 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 10,2 миллионни ташкил этганди.

Компаниянинг умумий тушуми январь-сентябрь ойларида 502 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг худди шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоиз кўп демакдир. Бунда мобиль алоқа хизматидан олинган даромад 499 млрд сўм (+5 фоиз), шу жумладан, маълумотларни етказиш хизмати — 95 млрд сўм (+7 фоиз)ни ташкил этди. Капитал харажатлар эса 112 млрд сўмдан иборат бўлди.

EBITDA кўрсаткичи (асосий воситаларнинг ишдан чиқиши, номоддий активлар амортизацияси ва активларнинг қадрсизланиши билан боғлиқ зарарларни айириб ташлашгача бўлган операцион фойда) 11 фоизга ўсиб, 287 млрд сўмга етди.

Январь-сентябрь ойларида бир нафар абонентга ўртача ойлик ҳисоб (ARPU кўрсаткичи) 17,52 минг сўмни, ўтган йилги кўрсаткичдан 14 фоиз кўпроқни ташкил этди. МОU кўрсаткичи (бир ойда бир абонент томонидан фойдаланилган дақиқалар кўрсаткичи) — бир йил аввалги 550 дақиқага нисбатан 558 дақиқа.