АҚШ мусулмонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинг гуруҳи мамлакат мусулмонларига ҳужум қилинганига оид хабарларни ўрганаётгани ҳақида баёнот берган. Маълумотларга кўра, Дональд Трампнинг президентлик сайловидаги ғалабасидан кейин шундай ҳолатлар қайд этилган, деб хабар қилмоқда Reuters.

Америка-мусулмонлар муносабатлари бўйича Кенгаш маълумотларига кўра, мамлакатнинг бир неча штатида мусулмонларга ҳужум қилингани ҳақида ахборотлар мавжуд. Жумладан, Калифорниянинг Сан-Диего ва Сан-Хосе университетларидаги ҳижобли талаба қизлар таъқибга учраган. 

Луизиана полициясига мурожаат қилган мусулмон аёл, икки номаълум кимса Луизиана штати Лафайет университети кампусида унинг рўмолини тортиб олмоқчи бўлгани ҳақида хабар қилган. Аммо, ҳозирча бу хабар тасдиқлангани йўқ.  

Кенгаш вакили Иброҳим Хупернинг сўзларига кўра, Исломни кўролмаслик ҳолати сўнгги ойларда давом этган президентлик пойгаси давомида кўп кузатилган. 

«Афсуски, бундай фанатизмдан қутулиш Дональд Трампга боғлиқ», — деган Хупер. 

Дональд Трамп ўз сайловолди чиқишларида мусулмонларнинг хавфсизлик нуқтаиназаридан мамлакат ҳудудига киришини тақиқлаш ғоясини билдирган. Бироқ, Хупернинг фикрича, Трамп тарафдорлари буни бошқача тушунишган.