АҚШ президенти лавозимига собиқ номзод Хиллари Клинтоннинг сайловолди штаби ходимлари унинг сайловлардаги мағлубиятида Федерал қидирувлар бюроси директори Жеймс Коми айбдор деб ҳисобламоқдалар, деб хабар бермоқда Fox News телеканали.

ФҚБ июлда Клинтоннинг шахсий сервердаги электрон мактублари борасида терговни тўхтатганини маълум қилганди. Бироқ президентлик сайловларига 11 кун қолганда Клинтоннинг ёрдамчиси эрининг серверида янги мактублар топилгани сабабли тергов қайта бошланган. Коми бу ҳақда депутатларни махсус мактуб орқали хабардор қилган. Коми сайловлар кунидан икки кун аввал бу янги мактублар ФҚБнинг аввалги фикрини ўзгартирмагани ва бу Клинтонга нисбатан ишнинг ёпилишини англатишини маълум қилган. 

Клинтон сайловолди кампанияси тадқиқот бўлими бошлиғи Нэвин Нэяк штабнинг юқори лавозимдаги вакилларига Комининг сайловларгача бир неча кун қолгандаги иккинчи баёноти Клинтоннинг рақиби Дональд Трампга ёрдам бергани ҳақида электрон мактуб ёзган.

"Биз бу сайловларни ўтган ҳафтадаёқ ютқазиб бўлгандик, деб ҳисоблаймиз. Комининг сайловга 11 кун қолганда ёзган мактуби бизга овоз берувчиларнинг сайловларга келишини камайтирди ва оқ танли зиёли сайловчилар орасида бизни қўллаб-қувватловчиларни четлаштирди", деб айтган Нэяк мактубда.

Аввалроқ Politico нашри Клинтоннинг бош маслаҳатчилари унинг мағлубиятида ўзларини айбдор деб билмасликларини маълум қилганди.