Тайланд қироли Пумипон Адульядет вафоти муносабати билан мамлакат ҳукумати турли хил кўнгилочар томошалардан 30 кун муддатга воз кечишни тавсия қилган эди. Мотам тугашининг биринчи куни, ёмғирлар мавсуми тугаши билан тантана қилинадиган қиролликдаги анъанавий Лой Кратонг фестивалига тўғри келди. 

Тайланд тахтида 70 йил ўтирган Рама IX нинг вафотидан сўнг, мамлакат ҳукумати бир йиллик мотам эълон қилди. Бу асосан, давлат хизматчилари ва давлат компаниялари ходимларига тегишлидир. Қолган барча фуқароларга бир ойлик мотамга риоя қилиш тавсия қилинганди. 

"30 кунлик мотам кунидан сўнг, кўпгина ишлар ўз изига тушади, аммо аксарият фуқаролар ўзларининг шахсий қарори билан бу муддат тугаганидан кейин ҳам махсус мотам либосини кийиб юришлари аниқ", - деган Таиланд спорт ва туризм вазири  Кобкарн Ваттанаврангкун.

14 ноябрдан давлат байроқлари кўтарилиши керак эди. Бироқ, кўпгина идораларда ҳали ҳам бундай қилинмаган. 

Шунга қарамай, Бангкок ва қиролликнинг бошқа шаҳарларида Лой Кратонг – сув фестивали нишонланади. Қиролликда ой тақвимининг ўнинчи ойи тўлин ой кечасида сув ҳавзаларида гуллар ва банан баргларидан ясалган қайиқчалар оқизилади. Уларда шамчироқлар ёқилади. Тайликларнинг ишонишича, шу билан улар турли ёмонликлардан халос бўлишади.