Хитой интернетида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга нисбатан "семиз" сўзини қўллаш тақиқланди. Бу ҳақида Associated Press маълум қилди

Гап "Jin San Pang" лақаби ҳақида кетмоқда, бу хитой тилидан таржима қилинганда "Семиз Ким III" маъносини билдиради. Бу лақаб ёш хитойликлар орасида кенг қўлланади, лекин ушбу "лақаб"ни Baidu қидирув тизими ёки Weibo микроблоги сервисига киритилганда, бу натижа бермайди. 

Маълумотларга кўра, Шимолий Корея амалдорлари ўз раҳбарларининг лақаб ҳақида билиб қолишидан қўрқиб, хитойлик ҳамкасбларига расмий сўров йўллашган. Улар Пекиндан КХДР етакчисига нисбатан камситувчи лақабларни қўллашга чек қўйишни сўрашган. 

Хитой ТИВ матбуот котибининг маълум қилишича, "Семиз Ким III" лақабини тақиқлашга доир хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати фикрларни баён қилиш учун соғлом шароит яратиш тарафдори. Шу билан бирга Пекин ҳар қандай мамлакат раҳбарига нисбатан ҳақоратли сўзларнинг қўлланилишини оқламайди. 

Шунингдек агентлик Baidu'да аввалгидек Ким Чен Иннинг барча лақабларини топиш мумкинлигини таъкидлади. Baidu'нинг ўзида эса изоҳлардан бош тортишди.