Колумбиялик собиқ ҳужумчи, терма жамоанинг афсонавий юлдузи Фаустино Асприлья «Реал»да ўйнаётган Хамес Родригес ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Испания нашрларида бундан олдинроқ етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётган бу колумбиялик футболчининг «Қироллик клуби»даги истиқболи муҳокама этилганди.

Асприльянинг ҳисоблашича, унинг ватандоши «қаймоқранглилар»нинг етакчиси Криштиану Роналду билан яқин муносабатда бўлмаслиги керак.

«Родригес - менинг дўстим. Хамес менга ёқади ва уни ҳурмат қиламан. Аммо Криштиану Роналду билан дўстлиги уни зарарига ишламоқда. Хамес терма жамоада ўзини Роналду каби тутмоқда.

У Роналдудан ўрнак олмаслиги керак. Колумбия терма жамоасида кимдир унга тўпни оширмаса, худди Роналдуга тақлид қилиб, бутун оламга ғазабини сочмоқда. Бу жуда хунук кўринади. 

Ҳакамлар ёки рақиблар билан баҳслашишни тушунса бўлади, аммо ўз жамоадошларинг билан бундай қилиш ярамайди. Тўпни оширмагани учун баҳслашиш орқали жанжал келиб чиқиши ҳам мумкин. Бу яхшимас. Хамес буни Роналдудан ўрганиб олган», дея Асприльянинг сўзларини келтирган ESPN.

Примеранинг 11 туридан кейин Родригес 5 учрашувда майдонга тушган ва шундан 2тасида ўйинни асосий таркибда бошлаган. У бу учрашувларда битта гол уриб, 2 марта голли пас муаллифи бўлган.