19 ноябрда Жанубий Корея пойтахти Сеулнинг марказий майдонига мамлакат президенти  Пак Кин Хенинг истеъфосини талаб қилиб 500 мингга яқин одам тўпланди. Акция ташкилотчиларининг айтишича, бундай норозилик намойишлари бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Пусан ва Тэгу шаҳарларида ўтмоқда. Мамлакат бўйлаб умумий намойишчилар сони 800-900 минг кишига етган. Намойиш ўтказилаётган жойга полиция кучлари тортилган, Сеул марказида параллел равишда 60 минг кишидан иборат президент тарафдорлари намойиш ўтмоқда.

Президентга қарши намойишда Жанубий Корея касаба уюшмалари, талабалар ташкилотлари, мухолиф партиялар аъзолари ва уларнинг раҳбариятлари вакиллари иштирок этмоқда. Бу намойиш охирги ойда Сеулда президентга қарши ўтказилаётган 4-намойиш бўлмоқда.    

Ҳозирда мамлакат президентининг аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши рекорд даражадаги паст кўрсаткич – 5 фоизни ташкил қилмоқда. Унинг фаолиятидан норози фуқаролар сони 90 фоизгача етган.

Жанубий Корея президенти ўзининг дугонаси Чхве Сун Силга давлат ишларига аралашишга ижозат берганликда айбланмоқда.