Австралиялик 12 ёшли бола – Кэмпбелл Ремес жудаям раҳмдил ва бағрикенг бола бўлиб, у ўз қўллари билан бир неча йил давомида касал болалар учун минглаб юмшоқ ўйинчоқлар яратиб келмоқда.

Кэмпбелл 9 ёшида ота-онасидан касалхонада даволанаётган болалар учун Рождество совғаларини сотиб олиб беришни илтимос қилган. Бироқ катталар  барча касал болаларга совға олиб беришга етарлича миқдорда пуллари йўқлигини айтишган. Шунда болакай бундай совғаларни ўз қўллари билан яратишга қарор қилган.

Шу тариқа меҳридарё бола 3 йил ичида 800 дан кўпроқ юмшоқ ўйинчоқ тиккан. Биргина 2016 йилнинг ўзида бола 450 та шундай ўйинчоқ яратган.

Кэмпбелл ўз болалигини шифохонада ўтказишга мажбур бўлаётган болаларни шу тариқа хурсанд қилмоқда. Бироқ болакай бу билан тўхтаб қолмади: у ўзи яратган ўйинчоқларни eBay онлайн-аукционида сотиб, тушган пулларни хайрия мақсадларига йўналтирмоқда.