Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси республика иқтисодиётининг 2016 йил январь-сентябрь ойида эришган натижаларига доир рақамларни эълон қилди. Унга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 12353,5 млрд. сўмлик ёки 2015 йилнинг тегишли даврига нисбатан 114,8 фоиз миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари, кийимлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ушбу маҳсулотлар турлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми умумий саноат ҳажмининг 15,8 фоизини ташкил этди, деб хабар қилади қўмита матбуот хизмати. 

Тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга, кийимлар – 22,3, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 35,1 фоизга ошган.

Ушбу товар турларини ишлаб чиқариш бўйича республиканинг умумий ҳажмидаги энг кўп улуш асосан Андижон вилояти (12,2 фоиз), Тошкент шаҳри (11,9), Фарғона (11,8), Самарқанд (10,3) ва Тошкент (8,4) вилоятларидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, айнан шу фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналарга ҳам барқарор ривожланиш имконини бериб, уларнинг кўрсаткичлари ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 19,4 фоизга ошган, бунда тўқимачилик маҳсулотлари, кийимлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмида тадбиркорлик субъектларининг улуши 66,1 фоизни ташкил этган.

Ҳозирги кунда республикада 3047 та тўқимачилик корхонаси, 4774 та тикувчилик корхонаси, 691 та чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. 2016 йил 9 ойи давомида ушбу фаолият турлари бўйича 966 та корхона янгидан ташкил этилган.