Tribuna.Uz Европа чемпионлар лигасининг бугун бўлиб ўтадиган учрашувларидан анонс беришни давом эттиради. Навбатдаги гуруҳ асосан 1 ва 2 ўринлар учун кураш кечаётган F гуруҳи.

Турнир жадвали. Ортда қолган тўртта турдан кейин гуруҳда Дортмунднинг «Боруссия» етакчилик қилмоқда. Тухель шогирдлари ҳисобида 10 очко мавжуд. «Легия»да кутилмаганда очко йўқотган «Реал» эса 8 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. «Спортинг» ягона ғалаба эвазига 3 очко билан Европа лигаси ҳудудида жойлашган. «Легия» учун эса «Реал»дан олинган очконинг ўзи финал йўлланмасидек гап.

«Спортинг» – «Реал» Мадрид (00:45, Матч! Футбол 1)

Икки ой муқаддам иккала жамоа иштирокидаги ўйин сценарийсини унча-мунча Ҳолливуд фильмларида ҳам учратиш амри-маҳол. 89-дақиқагача «Спортинг» сенсацион ғалабага яқин турганди. Бироқ Роналду ва қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сониясида Алваро Мората томонидан киритилган голлар «Реал»га жуда муҳим уч очкони тақдим этганди. Лиссабонда мезбонлар Мадриддаги 89 дақиқалик қаҳрамонлигини кўрсата оладими йўқми, буни бугунги учрашув кўрсатиб беради. «Спортинг»га ғалабагина кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолишига ёрдам беради.

Ўйин олдидан. ЕЧЛдан кейин ички биринчиликда ўтказган икки учрашувда «Спортинг» умумий ҳисобда 8:1 натижаси билан ғалаба қозонди. Жамоа миллий чемпионатда «Порту» билан 2-3 ўринларни бўлишиб турибди. «Реал» Мадрид эса мана 29 учрашувдирки мағлубият нималигини билмай келмоқда. Сўнгги марта Зидан шогирдларини мағлуб этган жамоа «Вольфсбург» эди. Ўтган ҳафтада жамоа Мадрид дербисида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бундан ташқари мадридликлар Португалия клубларига сўнгги етти учрашувда бирор марта ҳам ютқазмаган. Буларнинг барчаси устунлик қайси томонда бўлишини кўрсатиб турибди.

Йўқотишлар. Зидан бу мавсумда бирор марта ҳам оптимал кўринишдаги жамоасини майдонга тушира олмади. Бугунги учрашувда ҳам йўқотишлар етарлича: Альваро Мората, Каземиро, Пепе ва Тони Кроос майдонга туша олмасликлари аниқ. Серхио Рамос бўйича ҳам Зидан таваккал қила олмаса керак. 

Тахминий таркиблар:
Спортинг: 
1. Патрисиу, 31. Зегелар, 13. Коатес, 35. Семедо, 15. Оливейра, 11. Сезар, 14. Карвалью, 77. Мартинш, 10. Руис, 2. Скелотто, 28. Дост.
Реал: 1. Навас, 2. Карвахаль, 5. Варан, 6. Начо, 12. Марсело, 16. Ковачич, 19. Модрич, 22. Иско, 11. Бейл, 9. Бензема, 7. Роналду.

Имкониятлар. Шубҳасиз ўйиннинг фаворити меҳмонлар. Бумекерлик идоралари берган тахминларда ҳам буни кўриш мумкин. «Спортинг» ғалабаси учун коэффициент ўртача 5.30-5.40 ставкаларда баҳоланаётган бўлса, «Реал» уч очко олишига ишонч юқори бўлмоқда – ўртача 1.60-1.70 коэффициентлар атрофида

 

Боруссия Д – Легия (00:45, Матч! Игра)

Варшавада кечган биринчи ўйин натижасидан хулоса қиладиган бўлсак, меҳмонларда ҳеч бўлмаса бир очко тўплашга ҳам имконият йўқлигини кўришимиз мумкин. Ўшанда Тухель шогирдлари мезбонлар дарвозасига жавобсиз олтита тўп йўллаганди. Баҳорги мавсум учун йўлланмани нақд қилиб қўйганига қарамай дортмундликлар биринчи ўринни сақлаб қолиши учун ҳам бу учрашувга ўткинчи ўйин сифатида қарамаслиги аниқ.

Ўйин олдидан. Чемпионатда бир текис ўйин кўрсата олмаётган «Боруссия» сўнгги турларда яна ўзига келди. «Ҳамбург» уйида қозонилган йирик ҳисобдаги (5:2) ғалаба ва пешқадам «Бавария»ни принципиал ўйинда мағлуб этиш (1:0) сўзимизни исботлаб турибди. «Легия»ни эса ички чемпионатда ҳам муваффақиятли ўйин кўрсатяпти деб айтиб бўлмайди. Станислав Черчесов клубни тарк этгач, янги жамоа Польша чемпионатида ҳам ёмон ўйин кўрсата бошлади. Сўнгги турлардаги ғалабалар эвазигагина жамоа 4-ўринга кўтарилди. ЕЧЛдаку «Реал»га қарши ўйиндаги қаҳрамонликни ҳисобга олмаса аҳвол жуда ёмон.

Йўқотишлар. «Боруссия» асосий дарвозабони Роман Бюрки «Бавария»га қарши учрашувда қўлини синдириб олди ва энди жорий тақвим йилида жамоасига ёрдам бера олмайди. Марко Ройс эса энди тузаламан деганда яна жароҳатини янгилаб олди. Бошқа томондан жамоада йўқотишлар йўқ.

Тахминий таркиблар
Боруссия:
 Вайденфеллер, Бартра, Папастатопулос, Шмельцер, Пишчек, Гинтер, Кастро, Вайгль, Пулишич, Дембеле, Обамеянг
Легия: Маляж, Берешиньски, Жезничак, Паздан, Глоушек, Копчиньски, Мулен, Гильерме, Оджиджа-Офоэ, Радович, Николич.

Имкониятлар. Агар «Легия»нинг ютишига ишонсангиз, сизни 31,1 коэффициентдаги ставка кутмоқда. Букмекерлик идораларида Польша клуби ғалабасини шу қийматда баҳолашмоқда. Энг паст ставка 21,0 коэффициент. «Боруссия»нинг имкониятларини эса деярли барча конторалар бир хил баҳолаган — 1.09-1.11 коэффициент.