Россиялик Ҳабиб Нурмагомедов ўрта ва енгил вазнда жангчилар чемпионати мутлақ ғолиби (UFC) ирландиялик Конор Макгрегорни ўзи билан жангдан ҳудди қўрқоқ жўжахўроз каби қочмасликка чақирди. Россиялик бу сўзларни Twitter ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига жойлаштирди.

«Конор, сен чемпионсан, сен мен билан жанг қилишинг лозим. Ҳар доим ҳозиргидек мендан қочиб юрсанг, ҳар сафар кўзгуга қараганингда ўзингни ҳурмат қилмайсан, фарзандларинг сени ҳурмат қилмайди, сени дўстларинг ва оиланг ҳам ҳурмат қилмайди. Қўрқоқ жўжа каби ўзингни тутгандан кўра, самурай каби ҳалок бўл», - деб ёзди Нурмагомедов Макгрегорга.

Россиялик ирландияликнинг миллий ғурурига ҳам тегиб ўтган. «Мен сен учун ноқулай рақиб эканимни биламан. Бироқ сен чемпионсан ва энг кучлилар билан жанг қилишинг шарт. Жўжача бўлиб эмас, балки ирландиялик жангчи бўлиб ҳалок бўл. Ирландия халқи кўплаб урушларда қатнашган. Сен ўз юртинг шарафини фахр билан ҳимоя қилишинг керак», - дея қўшиб ўтди Нурмагомедов.

UFC 205 мусобақасида Макгрегор америкалик Эдди Альваресни нокаутга учратиб, ташкилот тарихида икки вазн тоифасида бир вақтда чемпион бўлган илк спортчига айланди. Россиялик енгил вазнчи ўша турнирда америкалик Майкл Жонсон устидан зафар қучди. Нурмагомедов мусобақага қадар ҳам, ундан сўнг ҳам енгил вазнда унвон учун жанг талаб қилди. UFC президенти Дэйна Уайт эса ташкилот томонидан бу масала кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, Нурмагомедов унинг кейинги баҳси чемпионлик унвони учун бўлмаса UFC’да иштирокини тўхтатиши ҳақида маълум қилган. Россиялик жангчи бирон маротаба ҳам мағлуб бўлмаган спортчи саналади. ММА’даги фаолияти давомида у 24 жанг ўтказиб, уларнинг 16 да муддатидан аввал ғалаба қозонган. Макгрегор эса аралаш яккакурашларда 24 баҳсда қатнашиб, 21 та ғалабага (19 таси – муддатидан аввал) ва уч мағлубиятга эга.