Ўзбекистон республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Бадиий гимнастика бўйича болалар ва ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби Гимнастика бўйича БЎИРОЗСМга ўзгартирилди. Бу Ўзбекистон  Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрда «Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қабул қилган қарорига мувофиқ амалга оширилади. Қарор матни Lex.uz сайтида эълон қилинган

Унга мувофиқ, Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳузуридаги Республика гимнастика мураббийлари ва ҳакамлар мактаби устави ҳам тасдиқланган.

Қарорда таъкидланишича, ўзгаришлар гимнастикачилар, мураббийлар ва ҳакамлар маҳорат даражаси ҳамда малакасини доимий равишда ошириб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, республика аҳолиси, айниқса, ёшлар ва қизлар ўртасида спортнинг гимнастика турларини фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш мақсадларига хизмат қилиши керак.

Ҳар йили 12 нафар иқтидорли болани қабул қиладиган БЎИРОЗСМда таҳсил олиш муддати беш йилни, умумий сони 60 кишини ташкил этади.

Республика мактабида мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, шунингдек, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Гимнастика федерацияси, спорт мактаблари ва профессионал спорт клублари аризаларига биноан, мутахассисларни ўқитиш ишлари амалга оширилади.