"Формула-1" жамоаларидан бири Williams ўзининг пойгачиси Фелипе Массага у Бразилия Гран-присида иштирок этган FW38 пойга болидини совға қилди. Бу ҳақда жамоа раҳбари Клэр Уильямс "Формула-1"даги фаолиятини якунлаган бразилиялик пойгачи шарафига Абу-Дабидаги Гран-При саралаш пойгасидан кейин уюштирилган хайрлашув кечасида маълум қилди. 

Бразилиядаги "Интерлагос" трекидаги пойга Масса учун охирги уй босқичи бўлганди. Унинг болиди Williams’нинг бош ҳомийси Martini компаниясининг пойгачи шарафига махсус тайёрланган логотипи ҳамда орқа аксқанотга португалча "Раҳмат" деб туширилган ёзув билан безалди. Бразилиядаги пойгада Масса ёмғир шароитида хатога йўл қўйиб, машинани шикастлаганди.

Масса "Формула-1"дан кетишини сентябрда эълон қилганди. Унинг фаолиятидаги охирги ва умумий ҳисоб бўйича 250-пойгаси Абу-даби Гран-приси бўлди. У пойгани 9-ўринда, умумий ҳисобда 53 очко билан мавсумни 11-ўринда якунлади.

Пойгачи ўз фаолиятини 2002 йилда "Sauber" жамоасида бошлаган. 4 йилдан кейин у Ferrari жамоасига ўтган ва мавсум якунига кўра 3-ўринни эгаллаган. 2008 йилда эса вице-чемпион бўлган. У ўзининг охирги жамоасига 2014 йилда ўтган. Пойгачи жамоа учун энг яхши кўрсаткичига 2015 йилги мавсумда эришган: у мавсум якунига кўра 6-ўринни эгаллаган.