Американинг Жоржия штатидаги Кобб округи судьяси икки ёшли ўғлининг қотиллигида айбланган эркакни умрбод озодликдан маҳрум этди. Болакай етти соат давомида машинада қолдириб кетилган, деб хабар беради Ассошиэйтед Пресс.

Агентлик маълумотларига кўра, эшитувлар давомида прокурорлар Жастин Росс Харрис оилавий ҳаёт масъулиятидан қочиш учун атайин ўз боласини ўлдирганини маълум қилишган. Ҳимоячилар эса унинг ўлими бахтсиз ходиса бўлганини айтиб ўтишди.

Аввалроқ, Жоржия штати суди Харрисни ўғлининг ўлимида айбдор деб тан олиб, болага нисбатан ўта шафқатсиз муносабатда бўлганлигини ҳам маълум қилган.

Маълумот учун, Харрис ўғлини 2014 йилнинг июнида машинанинг орқа ўриндиғида қолдириб кетган. ОАВ маълумотига кўра, у ишга кетиб, бир кун давомида офисда бўлган. Бола эса бу вақт давомида автомобилда қолган. Ўша куни Харрис олти нафар аёл, жумладан бир нафар вояга етмаган қиз билан турли ёзишмаларни амалга оширади. Тахминан соат 4 да у кинотеатрга фильм кўриш учун кетиб, ўғли машинада эканини пайқаб қолган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, эркак жуда ғазабланиб, ҳаттоки бақирган.