Мадриднинг “Реал” футбол клуби матбуот хизмати жамоа етакчиси Криштиану Роналдуга тегишли бўлган баёнот билан чиқиш қилди. Футболчи солиқларни тўлашдан бош тортганликда гумон қилинмоқда. “Қироллик клуби”да Роналду ўзининг барча солиқ мажбуриятларини бажараётгани, бу ҳақда барча тегишли ҳужжатлар борлиги ва улар испан солиқ идораларидан олингани таъкидлаб ўтилди.

«Сўнгги кунларда чоп этилган маълумотлар ва испан солиқ хизмати томонидан тақдим этилган далиллар Криштиану Роналду барча солиқ мажбуриятларини бажараётганини кўрсатиб турибди. “Реал” Мадрид ФК ўйинчига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради. У бизнинг клубда бўлган вақтда ўзини ўта интизомли инсон эканини кўрсатиб берди»,  - деб ёзмоқда Tribuna.uz сайти.

Аввалроқ, Германиянинг Spiegel нашри 31 ёшли португалиялик футболчи 150 миллион евро миқдордаги солиқларни яширгани ҳақида маълум қилганди.

6 декабрь куни эса Роналду солиқларни тўлашдан бош тортганлиги учун олти йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.