Хитой ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолади. Жаҳон савдо ташкилоти мамлакатлари Хитойга бозор иқтисодиётига эга бўлмаган суррогат давлат сифатида қарашни давом эттирса, кескин чоралар қўллашга мажбур бўлади. Бу ҳақда, ХХР тижорат вазири Гао Хучэн мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлганига 15 йил тўлиши муносабати билан эълон қилган мақоласида баёнот берган. 

11 декабрда Хитойнинг ЖСТга аъзо бўлганига 15 йил бўлди. Шу билан, ушбу мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлишига доир ҳужжатнинг 15-банди ўз кучини йўқотди. Унга кўра, савдо ташкилоти мамлакатлари Хитой маҳсулотларига нисбатан аксилдемпинг чоралари кўриши мумкин эди. Ҳужжатда мазкур банд Хитойнинг ЖСТга аъзо бўлганидан сўнг, 15 йил ўтгач, ўз кучини йўқотиши қайд этилган. 

"Хитой томони ЖСТнинг барча аъзо мамлакатларини халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳурмат қилишга ва унга тўла риоя қилишга ҳамда халқаро мажбуриятларни тўлиқ бажаришга чақиради. Хитой ўз манфаатларини қатъий равишда ҳимоя қилади ва ЖСТнинг ўз мажбуриятларини бажармаётган давлатларига нисбатан кескин чоралар кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади", — дейилади Гао Хучэннинг "Жэньминь жибао" нашрида чоп этилган мақоласида.

Хитой вазири, шунингдек, аъзолик битимидаги 15-банди 11 декабрь санасидан эътиборан ўз-ўзидан кучини йўқотганини таъкидлаган. 

Пекин маъмурияти, бир неча маротаба, ушбу келишувга биноан, 2016 йил 11 декабридан сўнг, автоматик равишда бозор иқтисодиётига эга давлат мақомига эга бўлишини таъкидлаган. Аммо, Хитойнинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган ЕИ, Япония ва АҚШ Хитойнинг бозор иқтисодиётига эга давлат сифатида эътироф этилиши учун етарли чоралар кўрмаганини рўкач қилмоқда. 

Ўтган ҳафтада Япония Хитойни бозор қонунлари ҳукм сурган мамлакат сифатида тан олмаслигини билдирган эди. ЕИ ва АҚШ ҳам айни нуқтаиназарда экани таъкидланганди. 

Европа Комиссиясига кўра, ЕИ Хитойнинг ушбу мақомини тан олишга тайёр эмас, чунки Хитойнинг бозор иқтисодиётига эга давлат сифатида тан олиниши Хитой маҳсулотларига нисбатан Европа аксилдемпинг божларини қўллаш жараёнини қийинлаштиради. Бундан ташқари, 3,5 млнга яқин европалик ўз иш ўринларидан маҳрум бўлиши мумкин. Аммо, бошқа тарафдан бу Хитой бозорига кенг йўл очади. 

АҚШ тижорат департаменти ҳам "Хитой давлати юритаётган иқтисодиёт" мувозанати бузилганидан хавотирларини изҳор қилиб келади. Унга кўра, "Хитой бозор қоидалари фаолият юритиши учун зарур бўлган ислоҳотларни ўтказмаган".