Хитой миллий нефть-газ корпорацияси CNPC’нинг Хунань шаҳридаги филиали собиқ бош директори Сюй Цайго 21,4 миллион юань (3,01 млн доллар) миқдорида пора олгани учун 14 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Синьхуа агентлигининг маълумотларига кўра, Хунань шаҳар суди жума куни шундай қарор чиқарган. Унга кўра, Сюй Цайго беш миллион юань миқдорида жарима ҳам тўлайди.

Суд қарорига кўра, CNPC филиали собиқ бош директори 2005-2013 йилларда ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган. У Хитой Коммунистик партияси таркибидан 2015 йилнинг октябрида четлатилди.

Эслатиб ўтамиз, Си Цзиньпин ХКП МҚ бош котиби (2012 йилнинг ноябри) ва ХХР раиси (2013 йилнинг марти) лавозимларига келганидан сўнг мамлакатда коррупция билан кенг қамровли кураш кампанияси бошланди. Ўшандан бери минглаб амалдорлар партия интизомини бузганлик ва коррупцияда айбланиб жазога тортилди. 

Маълумот учун, CNPC дунё нефть-газ саноатидаги энг йирик етказиб берувчи ва пудратчи саналади. Компания бош қароргоҳи Пекинда жойлашган. У жаҳоннинг 29 давлатида нефть-газ инвестиция амалиётларини олиб бориб, дунёнинг энг йирик 50 нефть компаниялари рўйхатида учинчи ўринни эгаллайди.