Покистон кинотеатрларида ҳинд фильмларига нисбатан жорий этилган тақиқ бекор қилинди. 19 декабрдан эътиборан покистонликлар бемалол ҳинд киноларини томоша қилишлари мумкин бўлади. Бу ҳақида Gulf News нашри хабар берди

Манбага кўра, 30 сентябрда Покистон кинотеатрлари уюшмаси Ҳиндистонда покистонлик актёрларга нисбатан жорий этилган тақиқловга жавобан мамлакатда Болливуд фильмларининг намойиши тўхтатилиши ҳақида эълон қилди. Ҳиндистон, ўз ўрнида, Жамму ва Кашмирга уюштирилган ҳарбий ҳужум сабаб ана шундай чорани қўллаган. Таъкидлаш жоизки, ҳужум натижасида 19 нафар ҳарбий ўлдирилган. 

Покистондаги кинотеатрлар эгалари шанба куни ҳинд фильмлари намойиши буткул эмас, вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида маълум қилишди. 

Болливуд фильмлари Покистонда севиб томоша қилинади. Шуни таъкидлаш жоизки, кинотеатрлар қўйилган тақиқ натижасида сезиларли йўқотишларга дуч келишди. 

Ҳинд фильмлари 1965 йилдаги урушдан кейин илк марта 2008 йилда, яъни 43 йиллик танаффусдан сўнг Покистон кинотеатрларига қайтган.