Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Ахборот-таҳлилий департамент Низоми»ни тасдиқлади. Ҳукумат шу хусусда қарор қабул қилган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мазкур Департамент Бош вазир раҳбарлигида фаолият юритади ва Ўзбекистон Бош вазирининг Биринчи ўринбосарига бўйсунади. 

Департамент фаолияти Вазирлар маҳкамаси, унинг Президиуми ҳамда ҳукуматнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш бўйича ижроия аппаратини ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга қаратилган. 

Қарорда таъкидланишича, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бош ва етакчи мутахассислари Вазирлар Маҳкамасининг ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги ваколатли вакили ҳисобланади. 

Янги департамент минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини мониторинг ва таҳлил қилади, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий соҳадаги аҳволи юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди. 

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуддаги меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳияти, минерал-хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича таклифларни ҳам ишлаб чиқади. 

Ҳудудлардаги аҳоли орасидаги демографик жараёнлар, жинслар орасидаги фарқ, аҳоли бандлигининг даражаси ва тузилмаси, аҳоли даромадларини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳам Департамент вазифалари этиб белгиланган.