Чили прокуратураси мамлакат президенти Мишель Бачелетнинг келинига фирибгарлик бўйича расман айблов эълон қилди. Бу ҳақда 24 Horas телеканали хабар қилган.

Прокуратуранинг тергов олиб боришига тадбиркор Гонсало Виаля Кончанинг мурожаати сабаб бўлган. У Наталья Компаньонга тегишли Caval компаниясидан Чили тоғ-кон саноатига оид таҳлилий маълумот тақдим этишни сўраган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, олинган хулосалар фирма экспертлари томонидан тайёрланмаган, аксинча интернетдан кўчирилган. Бунинг учун тадбиркор компанияси Caval фирмасига 1 млрддан ортиқ чили песоси (1,5 млн долларга яқин) тўлаган.

Ушбу иш бўйича айблов Компаньоннинг ҳамкори Маурисио Валерога ҳам эълон қилинган. Агар улар айбдор деб топилса, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Таъкидланишича, Бачелет келини бошқа бир тергов ишида ҳам асосий гумондор ҳисобланади. Ўтган йили у солиқ хизматига қалбаки ҳужжатларни тақдим қилгани ва Caval фаолияти билан боғлиқ рақамларни сохталаштиргани маълум бўлган эди. 

Чили президентининг келинига тегишли компания 2015 йил февралида Чили жамоатчилиги диққат-эътиборига тушиб қолганди. Ўшанда, мухолифат давлат раҳбарининг ўғли Себастьян Давалосни Caval учун 10 млн долларлик кредит олишда ўз обрўсидан фойдаланишда айблаган эди. Бу пуллар Чили пойтахти Сантьяго шимолида ер майдони харид қилиш учун сарфланган. Бирмунча вақт ўтгач, ушбу кўчмас мулк 15 млн долларга сотилган. 

Бу каби можаролар президент Бачелет рейтингига сезиларли салбий таъсир этди. Унинг фаолиятини, сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, 22 фоиз чилилик қўллаб-қувватламоқда.