Chevrolet автомобилсозлик компанияси ва Warner Bros. киностудияси биргаликда LEGO ўйинчоғидан Бэтменнинг машинаси – бэтмобилнинг асл ўлчамдаги нусхасини яратишди.

Ўйинчоқ машина Детройтда бўлиб ўтаётган моторшоуда 14 январда намойиш қилинди. LEGO’дан бэтмобилни ясаш билан Cody Rouge Community Action Alliance CDC (CRCAA) нотижорат ташкилоти волонтёрлари шуғулланишган.

Ушбу машина нақд 770 кг юк босган. Машинанинг узунлиги 5,2 метр, баландлиги 2,1 метр, эни эса 2,8 метрни ташкил қилган. Машина рамасини ясаш учун квадрат шаклдаги алюмин профилдан 26 метр кетган. Машинани ясаш учун 17 хил рангдаги 344 187 кубик ишлатилган. Машинани лойиҳалаш учун 222 соат, қуриш учун эса 1833 соат сарфланган. Агар бу иш билан бир одам шуғулланганда бунинг учун бир йил сарфлаган бўларди.

Бэтмобиль экранларга чиқариладиган "Лего Фильм: Бэтмен" компьютер-анимацион мультфильмини қўллаб-қувватлаш учун ясалган. Комикслар қаҳрамони Бэтмен ҳақидаги  мультфильм кейинги ойда экранларга чиқарилади.

Chevrolet компанияси лего кубикларидан машина ясаган биринчи компания эмас. 2016 йил ёзида Ford компанияси Circuit de la Sarthe кўргазмасида легодан ясалган Ford GT спорткарини намойиш қилган. Шунингдек, ўтган йили Porsche 911 GT3 RS машинасини 1:8 нисбатда қуриш мумкин бўлган LEGO тўплами сотувчи чиққан.