Ҳеч бир мафкура бўронлари илдизи чуқур кетган халқни йиқита олмайди

Жамият 18 Январь 2017 5072
Фото: ЎзА

Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсундириш воситалари тубдан ўзгариб кетди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳа, қиммматбаҳо техника, минглаб аскарлар ва анча-мунча вақт ҳам керак бўлар эди.

Ҳозирда эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатмоқда.

Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида харакат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин. Зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам.

Ҳозирда “глобаллашув” ва “оммавий маданият” ёхуд “оломонча маданият” деган ялтироқ ва жозибадор номлар билан кенг кўламда тарғиб этилаётган тушунчалар ҳам мустамлакачиликнинг янги кўринишида асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Хўш, оммавий маданият нима ўзи? “Оммавий маданият” ёки “оломонча маданият” дея таржима қилаётган тушунчамиз ғарбда «популяр» ёки «поп-культура» (инглизча “pop culture”) деб аталади. Бу ном дунёни бошқариш ва бутун дунё устидан ҳукмронликка эришишни мақсад қилган айрим ғарб давлатлари томонидан ўйлаб топилиб, муомалага киритилган, у “оммавий маданият” ёхуд “оломонча маданият” деган сўзлардан кўзланган асл мақсадни ниқоблаш учун ишлатилади.

Оломонча маданият халқларнинг неча минг йиллардан бери қалбида ардоқлаб келаётган қадриятларини, одоб-ахлоқ тамойилларини тагидан емиришга, одамларни онгу шууридан, ҳамиятидан, иймон-эътиқодидан айириб, маънавиятсиз, ахлоқий тубан манқуртга айлантиришга хизмат қилади.

Айрим мутахассислар (файласуф ва жамиятшунос олимлар)нинг фикрича, аслида мазкур оқимни “маданият” деб аташнинг ўзи нотўғри ҳисобланади. Бироқ ҳали илм-фанда «антикультура» «ғайримаданият» ёки “аксилмаданият” тушунчалари илмий шаклланмаганлиги учун «оломонча маданият» деган ном ночорликдан қўлланмоқда, чунки  «оломонча маданият» аслида маданиятсизлик, маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. Шу боис «оломонча маданият», энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.

Оломонча маданият ниқоби остида аввал муайян халқ ва элатларнинг қадриятлари қадрсизлантирилади. Одамлар азал-азалдан инсоний фитратга зид, деб санаб келган ахлоқий разилликларга табиий ва чиройли тус берилади. Кино, театр ва оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение ва интернет тармоғи орқали турфа хил бузуқликлар, зино ва ҳамжинсбозлик ниҳоятда оддий ва кундалик нарсалар сифатида намойиш қилиниб, тарғиб ва ташвиқ этилади. Одамларнинг энг паст инстинктлари, ҳайвоний ҳирс ва ғаризаларини қондиришга кенг йўл очиб берилади. Натижада кишилар фақат ҳайвоний ҳирсига қул бўлган тубан кимсаларга айланиб боради.

Агар «оломонча маданият» дунёга «эҳсон» этаётган «поп-арт» («тасвирий санъат»), «поп-мусиқа», «поп-адабиёт» натижаларига қараб ҳукм юритадиган бўлсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданият, маънавият, ахлоқ ва  юксак орзу-мақсадларни менсимайди… Энг муқаддас диний тушунчалар ва илоҳий буйруқлар ҳам булар учун бир пул. Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Жумладан, санъат – алоҳида истеъдодлар томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўъжиза эканлиги каби ижоднинг олий мезонлари «оломонча маданият» тарафдорларининг ғашини келтиради. Уларнинг фикрича, ҳамма санъаткор бўлиши мумкин. Ҳамма нарса санъат деб аталиши мумкин. «Поп-арт» – (оломонча санъат) шу хулоса манбаида вужудга келган.

«Оломонча маданият» таркибидаги кишиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча,  нарсалар ва буюмларни эъзозлашади. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар.

Уларнинг маънавий позицияси маънавиятни ўлдириш ва «предметларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Американинг таниқли адиби Р. Бредбери айтганидек, «оломонча маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси – автомобил, телевизор, компьютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдир.  «Оломонча маданият»да «оломонча мусиқа»  алоҳида ўрин тутади. «Оломонча мусиқа»ни «янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир, яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглаб, маънавий озуқа олишга  эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган.

Оломонча маданият балосини кенг кўламда ёйишда глобал тармоқдан ҳам кенг миқёсда фойдаланилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Аслида яхшиликка хизмат қилиш учун яратилган бу нарса таассуфлар бўлсинки, яхши нарсалар билан биргаликда бузғунчилик материаллари билан ҳам тўлиб тошган.

Ахлоқсизлик, порнография, келажакка ишончсизлик, алкоголизм ва гиёҳвандлик каби иллатларни тарғиб этувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган миллионлаб сайтлар оломонча маданиятни тарғиб этувчи ғаразли кучлар учун қўл келмоқда. Улар катталарга нисбатан ёшларни осонроқ жалб этадилар, чунки ҳар қандай дарахтга унинг ниҳоллигида шакл бериш келажакда тўғри ўсишига олиб келади. Ёшлар ахборотларни осон ўзлаштирадилар, уларнинг кийиниш, юриш-туришларига тақлид қиладилар, муомала-муносабатларни ўз ҳаётларида ҳам синаб кўришга интиладилар. Миллатнинг кўҳна қадриятлари, миллийлик, ўзлик, маданият ва маънавиятига путур етказиш эса инсон қалби ва онгини ана шундай эгаллашдан бошланади. Шу боис фарзандларимизда янгиликка нисбатан онгли муносабатни шакллантиришга жиддийроқ ёндашишимиз, қалбларида маънавий бўшлиқ юзага келишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Оломонча маданият тўлқинига қарши қандай курашган афзал?

Оломонча маданият глобаллашув кўланкаси остида кириб келаяпти. Деразани очсангиз, хонага тоза ҳаво билан биргаликда чанг ва турли зарарли ҳашаротлар ҳам кириб келганидек, оломонча маданият унсурлари ҳам дунёга оммавий ахборот воситалари орқали кириб келмоқда.

Интернетга қарши бўлиш “сойда шиддат билан келаётган селга кўкрак тутаман, тўсиб қоламан” дейиш билан баробар. Бироқ, ундан эзгулик, яхшилик, илм-фан, келажак йўлида фойдаланишни ўрганишимиз керак. Миллатнинг асрлар давомида шаклланиб қолган маънавий қадриятларини, халқимизнинг улуғ фазилатларини қалқон қилишимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизда миллий қадриятлардан куч олган мафкура иммунитетини шакллантиришимиз лозим. Қуш ҳам уясини бут сақлаш учун курашади. Иним бузилмасин, дейди. Хавф-хатарга кўксини тутишга ўзида куч топади. Биз юқорида айтган гаплар хавф-хатар эмасми?! Ҳар ҳолда қуш эмасмиз-ку! Инсонмиз, оиламиз бор! Оиладаги ўсмир эса бизнинг ҳаётимиз давомчиси!

Бизнинг ўзбек миллатимиз, аввало, мусулмон миллатдир. Мусулмончилик анъаналари бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Халқимиздаги барча эзгу хислатлар, гўзал урф-одатлар динимиз асосларидан келиб чиққан десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Боз устига, халқимиз муқаддас динимиз Исломга чуқур ҳурмат билан қарайди. Президент Ислом Каримов сўзлари билан ифодалаганда, «дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди».

Динимиз тинчлик дини, у инсонларни гўзал хулқли бўлиш, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилиш, бировга ҳасад кўзи билан қарамаслик, тирик мавждотга озор  бермаслик, қўшничилик ҳақларига риоя қилиш, вақтни беҳуда ўтказмаслик, умрнинг қадрига етиш, барчага эзгулик улашиш, ота-онага яхшилик қилиш, кексаларни ҳурмат, кичикни иззат қилишга чақиради. Зино, баччабозлик, ўғрилик, қотиллик каби барча иллатлардан қайтаради.

Шундай экан, ёшларимизни тарбиялашда динимиз кўрсатмаларига мурожаат қилиш ҳам оломонча маданият, глобаллашув каби маънавий таҳдидлар хатарини бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этади, деган фикрдамиз. Бинобарин, ёшларимизга миллий қадриятларимиз, урф одатларимиз, Ислом динини тўғри етказсак, уларни бугунги кун офатлар исканжасидан сақлаб қолган бўламиз.

Дарахтнинг танаси қанча йўғон, шох-навдалари қанчалик кўп, сербарг ва сермева бўлмасин, унинг илдизи бақувват эмас экан - қурийди, ёхуд арзимас шамоллар уни гупиллатиб қулатади. Бугун миллат ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин… Дарахтни илдиз ушлаб туради, миллатни эса улуғ қадриятлар тутиб қолади. Ҳеч бир мафкура бўронлари илдизи, мафкураси чуқур кетган халқни йиқита олмайди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 83275 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 42885 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 49303 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 8382 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 19364 Ўзбекистон
Италиянинг давлат қарзи рекорд қийматга етди
Олий лига. «Пахтакор» Самарқандда очко йўқотди
21:12 980 Спорт
Ўзбекистон ва Қирғизистон томони туризм соҳасида алоқаларни чуқурлаштиришга келишиб олишди
Канада авиакомпанияси самолётининг 200 дан кўпроқ йўловчиси багажсиз қолди
21:00 892 Жаҳон
Ўзбекистон ТИВ раҳбари португалиялик ҳамкасбига мактуб йўллади
Кўпроқ янгиликлар