"ПСЖ" 1-француз лигасининг 21-турида "Нант" устидан зафар қучди. Учрашув Нантдаги "Ля Божуар — Луи Фонтено" стадионида ўтиб, 0:2 ҳисобида меҳмон жамоа фойдасига ҳал бўлди.

Парижликлар ҳужумчиси Эдинсон Кавани учрашувда дубль қайд қилиб, жорий мавсумда Европанинг 5 та етакчи миллий чемпионатида 20 та гол урган илк футболчи бўлди. Кавани Лига 1’нинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида иккинчи бўлиб келаётган Александр Ляказеттни 5 та тўп ортда қолдирмоқда.

Бу орада Англия Премьер-лигасининг энг яхши тўпурарлари Златан Ибраҳимович, Алексис Санчес ва Диего Коста 14 тадан гол уришган. Испания Примерасида 14 тадан гол урган Луис Суарес ва Лионель Месси етакчилик қилмоқда.

Бундеслигадаги тўпурарлар пойгасига 16 та гол муаллифи бўлган Пьер-Эмерик Обамейянг бошчилик қилмоқда. Италия А сериясида 15 та гол урган Мауро Икарди тўпурарлар орасида етакчи бўлиб қолмоқда.