Ўзбекистонда илк футболга ихтисослашган Futbol TV телеканали ташкил этилгани расман маълум қилинди. Телеканал олдин хабар берилганидек UzReport телеканали қошида ташкил этилади. Бу ҳақда телеканал расмий сайти хабар тарқатмоқда. 

Манба берган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг йиғилишида Futbol TV телеканалига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. 

Futbol TV телеканали ўз фаолиятини жорий йилнинг март ойида бошлашни режалаштирган. Телеканал бутун Ўзбекистон бўйлаб эфирга узатилади.

Хабарингиз бор, UzReport TV орқали Европа чемпионлар лигаси, Европа лигаси, Англия ва Испания ўйинларини Ўзбекистонда трансляция қилишнинг экзклюзив ҳуқуқини харид қилган ва ҳозирда ушбу мусобақалардан ўрин олган ўйинларни жонли эфирда намойиш этиб келмоқда.

Futbol TV ишга туширилганидан сўнг UzReport TV телеканалида футбол ўйинлари трансляцияси тўхтаб қолмайди. Турли чемпионатларда бир вақтда бошланадиган қизиқарли учрашувларнинг бири Futbol TV телеканалида намойиш этилса, иккинчи ўйин UzReport TV телеканалида трансляция қилинади.

Futbol TV телеканалида футбол учрашувлари жонли, ёзиб олинган ҳолда ва такроран намойиш этилади. Бундан ташқари футболга оид бўлган турли қизиқарли кўрсатувларнинг эфирга узатиб борилиши ҳам кўзда тутилган, деб ёзилади хабарда.

Ҳозирда Futbol TV телеканалининг лицензиясини расмийлаштириш ва техник ташкилий ишлар доирасидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.