Самарқандда шаҳар прокуратураси ёнидаги Темур Малик кўчасининг бир қисмини металл тўсиқлар ёрдамида ёпиб қўйишди, деб ёзади журналист Тошпўлат Раҳматуллаев. Бу йўл Жомий кўчасини Навоий ва Мирзо Улуғбек кўчалари билан боғлаган ҳамда унда икки томонлама ҳаракатланиш мумкин эди. 

Журналист бу йўлда ҳаракатни чеклаш ким томонидан ўйлаб топилгани ҳақидаги саволни ўртага ташлаган. Алоҳида ҳайдовчилар Жомий ва Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳасида тирбандликни келтириб чиқармаслик учун Темур Малик кўчаси бўйлаб ҳаракатланишган. Бундан ташқари, бу кўча охирида Ўзбекистон фанлар Академияси филиали, катта китоб дўкони, шаҳар газетаси муҳарририяти, офислар бўлган.

Самарқанд айланма йўлларга катта эҳтиёж сезмоқда, сабаби автомобиллар туфайли тирбандлик ҳозирдан кузатилмоқда, деб ёзади журналист. Янги кўчалар қуриш ўрнига, кимдир бор йўлни ҳам ёпиб қўйди, деган Раҳматуллаев. Маълум қилинишича, қайсидир бир кўчада автомобиль ҳаракатини чеклаш учун ҳоким қарори керак бўлади. Журналист бундай ҳужжат шаҳар ҳокимияти томонидан қабул қилинганми, деб савол беради. Агарда йўқ бўлса, у ҳолда ким ўзбошимчалик билан бу ишни амалга оширган, дея ёзган Раҳматуллаев.

Шунингдек, журналист бу ҳолат юзасидан вилоят ЙХҲБ рухсати бўлгани билан қизиққан. Ҳаттоки ҳоким бундай қарорни қабул қилиши учун мутахассисларнинг хулосаси талаб этилади. Агарда ЙХҲБ рухсат бермаган бўлса, ким ва нимага Темур Малик кўчасини тўсиб қўйди, деб савол берган Т.Раҳматуллаев. Журналистнинг маълум қилишича, ЙХҲБ бошлиғи 10 йилдан бери ушбу лавозимда ишлайди. У йўлнинг қатнов қисмини қандай ҳолларда ёпишларидан яхши хабардор бўлиши керак. Энг асосийси – бу амалдаги йўл ҳаракати қоидалари ва жамият манфаатларига зид бўлиши керак эмас.

Суратдан кўриш мумкинки, у ерда нафақат металл панжаралар, балки тўхташ ва автомобиль қолдиришни тақиқловчи йўл белгиси ҳам ўрнатилган. Бу ҳолат шаҳар прокуратураси тўғрисида юз бермоқда. У ерда эса ўнлаб машиналар бор. Журналист ЙХҲБ ушбу маҳкама учун автомобиль тураргоҳи ташкил қилдими, деб савол берган. Ҳар ҳолда Т.Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, бу ҳақда унга самарқандликлар хабар қилишган.