«Бёрнли» жамоаси аъзоси Жои Бартон 2006 йилдан 2016 йилгача Англия клубларида ўйнагани ҳолда футбол учрашувларига 1260 марта ставка қўйгани ҳақида тан олди.

The Telegraph хабарига кўра, футболчи терговчилар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ва бу орқали жазо енгиллаштирилишига умид билдирган. 

Яқин икки ҳафта ичида Англия футбол федерация комиссияси Бартон ушбу ставкаларни ўзи ўйнаган жамоаларнинг ўйинлари натижаси учун қўйган-қўймаганига аниқлик киритади. Бартон 2006-2016 йиллар давомида «Манчестер Сити», «Ньюкасл», «Лилль», «Куинз Парк Рейнжерс» ва «Бёрнли» жамоалари сафида ўйнаган.

2016 йилнинг декабрида Бартон яна «Бёрнли»га қайтди. Бунгача у ярим йил давомида Шотландиянинг «Рейнжерс» жамоасида эди. 34 ёшли футболчи ўтган йилнинг 1 июлидан 15 сентябригача онгли равишда футбол учрашувларига 44 марта дов тиккан. Лекин у «Рейнжерс» ўйинлари учун ставка қўймаган.