Париждаги ногиронлар уйида бўлиб ўтаётган 32-Халқаро автомобиль фестивалида 2016 йилнинг энг чиройли суперкарини танлашди. Бу шарафга Ferrari GTC4 Lusso купеси лойиқ топилди.

GTC4 Lusso билан бирга бу таснифда Bugatti Chiron гиперкари, Aston Martin RB001 концепти ва янги авлод Porsche Panamera хэтчбеки ҳам биринчи ўрин учун кураш олиб борди. Ғолибни таниқли архитектор Жан-Мишель Вильмотт раҳбарлигидаги ҳакамлар ҳайъати аниқлаган. Мукофот Ferrari компаниясининг бош дизайнери Флавио Манцонига топширилди.

Ferrari GTC4 Lusso суперкари ўтган йил февраль ойида дебют қилган эди. У FF купеси ўрнига ишлаб чиқилган. Машинанинг барча ғилдираклари етакчи бўлиб, тўлиқ бошқарилувчи шасси, мослашувчан подвеска ва 12 цилиндрли, 6,3 литр атмосфера моторига эга. Унинг кучи 680 от кучига тенг. Автомобиль соатига 100 км тезликка эришиши учун атиги 3,4 сония кифоя қилади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 335 кмни ташкил этади. 

Фестиваль чоғида «энг чиройли суперкар»дан ташқари, 2016 йилнинг энг чиройли концепт-карини ҳам аниқлаб олишди. Аввал хабар берганимиздек, Renault Trezor электр купеси Jaguar I-Pace, Aston Martin RB001 ва DS E-Tense каби концептларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.