15 августда The New York Times газетаси Amazon компаниясидаги иш шароитлари ҳақида катта мақола чоп этди — Америка компаниясининг 100га яқин собиқ ва амалдаги ходимлари АТ-гигантига "ишчиларнинг бор имконини сиқиб олиш"га ёрдам берувчи меҳнатни оптималлаштиришнинг "аёвсиз" тизими ҳақида сўзлаб беришди. 

Facebook ижтимоий тармоғи ва Asana сервиси ҳаммуассиси Дастин Москвиц ўзининг Medium'даги блогида анъанавий 8 соатлик график нафақат ходимлар, балки компаниялар учун ҳам фойдали эканини таъкидлади. Московицнинг шу мавзудаги мақоласи vc.ru'да тақдим этилди

"Amazon — ўз ходимларига катта талаблар қўядиган ягона компания эмас. Бундай салбий муҳитдан чиқиш вақти келди. 

Ўтган ҳафтада мен Берклидаги SPARC'нинг серғайрат талабалар гуруҳи билан суҳбатлашдим. Бир неча киши менинг нималарни олдиндан билишни хоҳлашим, шунингдек иш фаолиятимнинг аввалги даври билан боғлиқ афсусларим ҳақида сўрашди - мен доим ўз ҳаётимни бошқача яшаб ўтишни исташим тўғрисидаги ғояга қайтаман. 

Мен кўпроқ ухлашни, шунингдек мунтазам равишда спорт билан шуғулланишни хоҳлардим. Нима истеъмол қилаётганимга кўпроқ аҳамият беришни истардим. Менга ўсишга ёрдам берган янги фаолият турларига кўпроқ вақт ажратишни хоҳлардим. 

Ўйлашингиз мумкин: агар устувор жиҳатларни бундай жойлаштирсангиз, умумий ишга қўшадиган ҳиссангиз камаймайдими? Эҳтимол, Facebook нисбатан камроқ муваффақият қозонган бўлармиди?

Аслида эса мен аввалгидан-да самаралироқ ишлашим мумкинлигига ишонаман: масалан, энг яхши етакчи ёки бундан-да унумдор ишчи. Ваҳималарим камроқ бўларди, соғлиғимдаги баъзи муаммолар бўлмасди. Ҳамкасбларим билан камроқ зиддиятга борардим, чунки асосий диққатни ишга қаратган бўлардим. Кичик муаммолардан камроқ ташвишга тушган бўлардим.

Қисқаси, энергиям кўпроқ бўларди ва мен ундан ақлни ишлатган ҳолда фойдаланардим. Бахтлироқ бўлардим. Мана нимадан афсусдаман: мен ўзимни икки вариантдан бирини танлаган одамдек ҳис қилмайман. Йўқ, мен икки томондан ҳам аҳмоқона қурбонлик қилганман. 

Бу ҳафтада технология саноати New York Times'нинг мақоласини фаол муҳокама қилмоқда. Кўпчилик бу мақолани бир томонлама деб ҳисобламоқда. Баъзи инсайдерлар эса компанияни оммавий ҳимоя қилишга қарор қилишди. 

Бироқ, менимча, аксарият кишилар Amazon тизими мураккаб эканлиги билан баҳслашишмайди, бу компанияда ишлаш учун эса ҳақиқатда бор кучни сарфлашга тўғри келади. Умуман олганда, бу технология саноатининг асоси ҳисобланади: номдор компанияларда ходимлар бор куч билан ишлашади - бу кўпчиликка иложсиздек туюлади. 

Бироқ бу шундай бўлиши шарт эмас. 

Кўпчилик дам олиш кунлари ва 40 соатлик ишчи ҳафтаси - капитализм ва гедонизмнинг ўртаси эканига ишонади, бироқ бу тарихан тўғри эмас. 

Аслида бу XX аср бошида Ҳенри Форд томонидан натижаларни яхшилашга доир ўтказилган тадқиқот хулосасидир. У инсонларга камроқ ишлаш имкони берилганда кўпроқ натижа олиш мумкинлигини аниқлади. Ўшандан буён қолган тадқиқотчилар бу феноменни нисбатан замонавий саноат шароитларида ўрганишда давом этишмоқда.

Натижалар аниқ: ҳафтасига 40-50 ишчи соат меъёридан ўтилганда, қўшимча ишдан олинадиган ижобий натижалар кескин пасайиб, салбийлашади. 

Агар режадан ташқари ишлаш вақтини узайтиришга ҳаракат қилаётган бўлсангиз, у ҳолда сиз шунчаки юқори тезлик тасаввурини яратмоқдасиз. Дам олиш муҳим аҳамиятга эга. 

Ҳозирги технология саноати маданиятида кузатаётганларим жуда ачинарли. Мен бундай компаниялар ўз ишчиларининг ҳаётини барбод қилади ва бунинг эвазига ҳеч нарса олмайди, деб ҳисоблайман. 

Asana ва яна бир бошқа тезкор ўсувчи компания ўртасида танловни амалга оширган талаба менга иккинчи жамоанинг кечки соат 20:30да овқатланишини айтди, гўёки бу ишчиларнинг кўпроқ ушланиб қолиши учун мотивациядек. Баъзилар бу билан мақтанади ҳам.

Бундай муносабат ишга бўлган қизиқишини намоён этишга интилувчи янги ишчиларга нафақат зиён етказади, балки бундай графикда ишлай олмайдиган инсонларни камситиб,  сексизм (инсонларни жинси ёки наслига қараб ажратиш) ва эйжизмни (инсонларни ёшига қараб камситиш) қўллаб-қувватлайди.

Нима учун компаниялар бундай қилишади? 

- улар (меҳнат самарадорлигига оид) тадқиқотлар ҳақида билишмайди;
- улар тадқиқотларнинг нотўғрилигига ишонишади;
- аксарият одамлар режадан ташқари ишлаш — фаоллик ҳамда компанияга содиқлик кўрсаткичи эканига ишонишади. 

Мазкур уч омилдан учинчиси айниқса сезиларли. Биз Asana'да шундай маданиятни қуришга қарор қилдикки, унда одамларнинг ортиқча машаққатли меҳнат қилишига тўғри келмасин. Бироқ баъзилар бундай кетишда компания фаол ривожланмаслиги ёки тезда ўз долзарблигини йўқотишидан хавотирга тушишди. 

Мен иш устида ўтказилган соатлар ва компания ривожи ўртасида боғлиқлик кўрмайман. Яхшики, бундай эмас. Биз иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги соғлом мувозанатни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқмоқдамиз. 

Бизнинг саноатимиз ўз салоҳиятидан узоқ. Барчамиз кўпроқ нарсага эришишимиз мумкин эди, биз саноатда фаолият юритувчи ходимларга бундан-да яхши шароитларни яратиб беришимиз мумкин эди. Агар ҳаётингиздаги энг яхши йилларингизни ишга бағишламоқчи бўлсангиз, буни онгли равишда бажаринг. Сиз ўз ҳаётингиз билан яшаб туриб, буюк ишларга қўл уришингиз мумкин. Сиз бир вақтнинг ўзида барчасини уддалашингиз мумкин ва фан сизнинг айнан шундай қилишингиз кераклигини тасдиқлайди. 

Изоҳ: Мен ушбу матнни АТ-саноат нуқтаи назаридан ёздим, лекин бундай модель, шубҳасиз, барча соҳадаги компанияларда қўлланиши мумкин.